Шавкат Мирзиёев биринчи “Марказий Осиё – Германия” саммитида иштирок этди
Жамият
−
29 Сентябрь 2023
4607Бугун, 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Берлин шаҳрида Германия Федератив Республикаси Федерал Канцлери Олаф Шольц раислигида ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбирда Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашган.
Саммит кун тартибига кўра, унда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш истиқболлари, табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари, шунингдек, изчил минтақавий тараққиётни таъминлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинган.
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда бугунги минтақавий ҳамкорлик даражасига юқори баҳо бериб, Ўзбекистон яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсатини тўғри амалга ошираётганини қайд этган.
Тадбир иштирокчилари “Марказий Осиё - Германия” формати очиқ мулоқот ҳамда минтақа мамлакатлари ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш учун самарали майдонга айланганини, Марказий Осиё мамлакатларига мустақилликнинг илк кунлариданоқ амалий кўмак кўрсатишда Германия муҳим ўрин тутиб келаётганини юқори баҳолаган.
Саммитда шу билан бирга, узоқ муддатли ҳамкорликнинг умумминтақавий аҳамиятга эга устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилган.
Булар:
• инвестисиявий, инновациявий ва технологик алоқалар ва алмашинувни ривожлантириш;
• қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш;
• хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш;
• транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқликни кучайтириш;
• “яшил” кун тартибини илгари суриш;
• Германия стандартларига мувофиқ турли тармоқлар учун мутахассисларни тайёрлаш;
• Афғонистон аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш.
Якунда эса Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари Германия томонининг Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шерикликни йўлга қўйиш, ушбу форматда мунтазам учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказиб бориш таклифини қўллаб-қувватлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этилган иқтисодий форумда қатнашиб, унда Марказий Осиё – Германия бизнеси учун катта имкониятлар минтақаси эканини қайд этган эди.
LiveБарчаси