Мирзиёев ШҲТ саммитида нималарни таклиф қилди?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқаро майдондаги ролини кучайтириш мақсадида унинг келишувларини инвентаризация қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 4 июль куни бўлиб ўтаётган ташкилотнинг 23-саммитида сўз очди.

“Биз келишув ва қарорларни инвентаризация қилиш, институтлар фаолияти ва ҳамкорлик механизмлари аудитини ўтказишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз”, деган Ўзбекистон Президенти.

Шунингдек, Мирзиёев ШҲТни модернизация қилиш бўйича келишувларни амалга оширишни ва ташкилот аъзолари учун яхши қўшничилик кодексини ишлаб чиқишни тезлаштиришни таклиф қилган.

“Биз ШҲТнинг яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқиш ташаббусини кўрсатмоқдамиз”, деган Президент Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари кодекснинг қабул қилиниши устувор вазифаларни белгилаш, янги шароитларда кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича ягона ёндашув ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини беришини қўшимча қилган.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ШҲТ давлатларининг транспорт алоқалари харитасини ишлаб чиқишни таклиф қилган.

“ШҲТ маконида транспорт коммуникацияларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни кўриш муҳим. Биз ШҲТ давлатларининг транспорт алоқалари харитасини ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ деб биламиз, бу тўсиқлар ва бўшлиқларни аниқлаш имконини беради”, деган Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, республикада яхлит транспорт-транзит тизимини шакллантириш бўйича устувор чора-тадбирлар ва лойиҳалар аллақачон белгилаб олинган. Мирзиёев айни пайтда Ўзбекистонда Шимол-Жануб ва Шарқ-Ғарб автомобиль йўлларини ривожлантириш бўйича қатор лойиҳалар фаол илгари сурилаётгани, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича ишлар бошланганини ҳам таъкидлаган.

“Биз ушбу йўналиш бўйлаб, шунингдек, Афғонистон орқали Эрон ва Покистон портлари йўналиши бўйича Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига чиқиш имкониятига эга мультимодал транспортни ривожлантирмоқдамиз. Экспертларнинг фикрича, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш юк ташиш ҳажмини сезиларли даражада ошади, шунингдек, транспорт харажатларини камайтиришни таъминлайди”, деган Мирзиёев.

Маълумот учун, саммитга Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари раҳбарлари ҳам таклиф этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ШҲТ Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг