Мирзиёев “Росатом” раҳбари билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 апрель куни Тошкент шаҳрида “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Билдирилишича, суҳбатда тинч атом соҳасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани қайд этилган.

Қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда ядро технологияларини қўллаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Тошкент шаҳридаги “МИФИ” филиали негизида кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Маълумот учун, Мирзиёев ва Лихачевнинг учрашуви бугун, 28 апрель куни “Central Asian Expo Uzbekistan” мажмуасида иш бошлаган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” бешинчи халқаро саноат кўргазмаси доирасида бўлиб ўтган. 

Лихачев кўргазма давомида Тошкент ва Москва Ўзбекистон ҳудудида кам қувватли атом электр станциясини қуриш билан боғлиқ барча ҳуқуқий масалаларни ҳал этишни якунлаганини, унинг пойдеворидаги биринчи бетон бир йилдан кейин ёки ундан олдин қуйилиши мумкинлигини айтди. 

“Биз лойиҳани бошлаш учун барча ҳуқуқий масалаларни ҳал қилдик. Олдинда бизни одатий тартиб, лойиҳанинг спецификацияси, лицензиялаш ва биринчи бетон кутиб турибди, умид қиламанки, бу бир йилдан кейин, эҳтимол ундан тезроқ амалга оширилади. Ўзбекистон раҳбарияти йирик атом электр станцияси мавзусига қайтса, бизда ҳозирданоқ таклифлар тайёр бўлади – нафақат бу бўлажак объектларнинг кўриниши, балки бу ерда Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан, катта ҳажмдаги ишларни маҳаллийлаштириш билан боғлиқ молиявий ва ташкилий масалалар бўйича ҳам”, деди Лихачев.

“Росатом” раҳбари ушбу лойиҳа электротехника ва машинасозликнинг илғор тажрибасини жалб этган ҳолда халқаро ҳамкорлик форматида амалга оширилишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил май ойида “Ўзатом” ва “Росатом” ўртасида Ўзбекистонда кичик АЭС қуриш бўйича шартнома имзоланганди. Станция Россиянинг РИТМ-200Н реактори асосида барпо этилади (қуввати – 55 МВт, хизмат муддати – 60 йилгача).

Дастлабки реактор беш йил ичида ишга туширилиши, кейингилари эса олти ойлик интервал билан фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. АЭС тўлиқ лойиҳавий қувватга 2033 йилдан олдин чиқиши кутилмаяпти.

Ўзбекистон АЭС қуриш учун халқаро консорциум тузишни режалаштириб, Россия, Хитой ва Европа технологияларини жалб этишни кўзламоқда. Бундан ташқари, турбиналар, генераторлар ва совутиш иншоотлари учун халқаро компанияларнинг ускуналарини жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

“Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев Ўзбекистонда қурилаётган кичик атом электр станциясининг қиймати 2 миллиард доллардан кам бўлишини айтди. У “Le Figaro” газетасига берган интервьюсида Жиззах вилоятида қурилиши режалаштирилаётган кичик қувватли атом электр станцияси (АЭС) лойиҳасида иштирок этиш бўйича учта Франция компанияси билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Росатом АЭС Алексей Лихачев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг