Мирзиёев раҳбарлигида қурилган илк саройда намозхона борлигини биласизми?

Бу қизиқ 27195
image

“Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази. Бунда халқаро даражадаги учрашувлар, сиёсий ва стратегик, иқтисодий ва молиявий келишувларга тамал тоши қўйилади. Энг мартабали меҳмонлар, юқори даражадаги делегациялар учрашуви, форумлар айнан шу марказдаги “Congress hall”да ўтказилади. 

Президент Мирзиёев раҳбарлигида қурилган илк йирик саройда мўжазгина намозхона борлигига ишонасизми? Кеча, 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарига мурожаат йўллади. Йиғилиш ўтказилган асосий зал биринчи қаватда жойлашган эди. Воқеа жойидан тезкор хабарлар узатувчи журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимларига иккинчи қаватдаги учрашув заллари ажратилди. 

Шахсий манбаларимизнинг қайд этишича, бу Президент ва ҳозирги Ҳукуматнинг ОАВга эътибори намунаси дейиш мумкин. Чунки ОАВ ходимларига ажратилган икки хона ҳам аслида юқори мартабали меҳмонлар, Президентлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш учун атайин тайёрланган. 

Саройни айлана туриб, иккинчи қаватда “Намозхона” деб ёзилган пештахтага кўзимиз тушди ва буни фотокамерамиз хотирасига муҳрладик. Йўлак охиридаги иккита қарама-қарши хоналар аёллар ва эркаклар учун намозхонага айлантирилган ва масжидни эслатувчи услубда таъмирланган. Уларга кираверишда алоҳида таҳоратхона ҳам мавжуд. Энг асосийси, намозхоналарнинг чироқлари ўчирилиб, қулфлаб қўйилмаган. Ундан бемалол, эмин-эркин фойдаланиш имконияти яратилган.

Маълумки, “Congress hall” туркиялик усталар томонидан қурилди. Бино лойиҳасида намоз ўқиш учун алоҳида жой ажратилмаган эди. Бироқ, Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш жараёнлари билан танишиш учун ташриф буюрганида, бинода намозхона бўлиши кераклиги хусусида алоҳида топшириқ берган. 

Касбимиз нуқтаи назаридан Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардаги саройларда бўламиз. Аммо уларнинг кўпларида намозхоналарга кўзимиз тушмаган. 

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш ўринлики, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлгач, унинг сиёсий иродаси ортидан мамлакатда эътиқод ва виждон эркинлигига кенг йўл очилди. Диний ташкилотлар фаолияти ривожлантирилди. Қуръон мусобақалари ташкил этилди. 

Жумладан, улуғ алломаларимиз Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Улуғ уламоларнинг номлари билан аталган диний мажмуалар, жоме масжидлари, илмий марказлар бунёд этилди.

Қамариддин Шайхов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1002
Рейтинг: 3.1
t
×