Мирзиёев октябрда 8 йилдан буён борди-келди қилинмаётган мамлакатга ташриф буюради
Жамият
−
17 Сентябрь 2019
24915Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг октябрь ойида Озарбайжон Республикасига боради. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.
Президент Мирзиёевнинг сафари 15 октябрга мўлжалланган. Ўзбекистон раҳбари Баку шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг 7-саммитида иштирок этади.
Маълумки, Ўзбекистон жорий йилнинг 14 сентябрь куни қабул қилинган Қонунга мувофиқ Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига қўшилди. 2009 йилда тузилган мазкур Кенгашга бугунгача Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари аъзо бўлган.
Шавкат Мирзиёев Бакуга ташрифи давомида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо давлатлар раҳбарлари билан кенг ва тор доирада учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. Жумладан, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан ҳам музоракалар ўтказилиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 2018 йилнинг сентябрь ойида Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида ўтган саммитда иштирок этиб, нутқ сўзлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаси Президентлари ўртасидаги борди-келдиларнинг охиргисига жорий йилда 8 йил тўлди. Сўнгги бор Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 2010 йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Илҳом Алиев ташрифи доирасида Тошкентда Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази очилди. Марказни Президент Алиев ва Шавкат Мирзиёев очиб берганди.
Ўзбекистон Республикаси раҳбарининг Озарбайжонга сўнгги ташрифи эса 2011 йилнинг 11-12 сентябрь кунларига тўғри келган. Ташриф доирасида Баку шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали очилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ўртасидаги телефон орқали энг сўнгги эса мулоқот жорий йилнинг 28 май куни амалга оширилди. Ўшанда Президент Мирзиёев Илҳом Алиевни Озарбайжоннинг миллий байрами - Республика куни муносабати билан табриклаган эди.
LiveБарчаси