Мирзиёев ОИИБ президенти Цзинь Лицюнь билан музокара ўтказди
Жамият
−
24 Январь
3097Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифининг ишбилармонлик тадбирлари доирасида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бош қароргоҳига ташриф буюриб, банк президенти Цзинь Лицюнь билан музокара ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу етакчи халқаро молиявий институт билан стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Кейинги йилларда банк билан ҳамкорлик мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилди. Қўшма лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошди. 2023 йилнинг ўзида жалб қилинган инвестициялар ҳажми 1 миллиард долларга етди.
Энергетика, сув таъминоти, автомобиль ва темирйўлларни реконструкция қилиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбари стратегик хомашёни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этган.
“Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган таркибий ислоҳотлар доирасида устувор йўналишлардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 2026 йилгача мўлжалланган қўшма Ҳамкорлик дастури қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Марказий Осиё минтақасидаги стратегик муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Банк бошқарувчилари кенгашининг жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлажак йиллик йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинган.