Мирзиёев можаролар ва глобал иқтисодиётдаги узилишлар сабабини айтди

Жамият

image

Халқаро муносабатларда мулоқот ва ишонч мисли кўрилмаган даражада камайиши сабаб дунёда кўп томонлама ҳамкорлик асосларига путур етмоқда ва глобал иқтисодиётда тизимли узилишларга олиб келмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 13 октябрь куни Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

Сўзининг аввалида Шавкат Мирзиёев ўтган давр давомида ушбу тузилма хавфсизликни таъминлаш, Осиёда ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенг ва очиқ мулоқот учун муҳим майдон сифатида ўзининг ғоятда зарур эканлигини кўрсатганини таъкидлади. Ўзбекистон форумни трансформация қилиш масаласи бўйича қўшма фаолиятда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

“Бугун биз халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, мулоқот ва ишончнинг мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Буларнинг барчаси кўп томонлама ҳамкорлик асосларига путур етказмоқда, можароларнинг авж олишига сабаб бўлиб, глобал иқтисодиётда тизимли узилишларга олиб келмоқда.

Юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилмоқда, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича бизнинг саъй-ҳаракатларимизни секинлаштирмоқда”, дейди Президент Мирзиёев.

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш – Осиё қитъаси давлатларини бирлаштирувчи халқаро форум бўлиб, ўз олдига минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш вазифасини қўяди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

103

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг