Мирзиёев маслаҳатчиси Чакрабарти билан бошқарувни ислоҳ қилиш масаласини муҳокама қилди
Олам
−
20 Сентябрь 2022
6663Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 сентябрь куни ўзининг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабартини қабул қилди.
Учрашувда мамлакатдаги иқтисодиёт ва бошқарувни ислоҳ қилиш доирасида эришилган натижалар ва бу борадаги келгуси режалар кўриб чиқилган.
Маслаҳатчи Чакрабарти Ўзбекистон етакчисини Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаб, Президент Мирзиёев томонидан илгари сурилган Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббусини юксак баҳолаган.
Ўзбекистон раҳбари устувор йўналишлардаги янгиланишларни биргаликда пухта тайёрлаш ва кейинчалик амалга ошириш жараёнини давом эттириш зарурлигини таъкидлаган. Иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини модернизация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш, давлат бошқарувини трансформация қилиш ва самарадорлигини кучайтириш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини рақамлаштириш, қулай инвестицион ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, янги кадрларни тайёрлаш шулар жумласидан.
Сума Чакрабарти ушбу масалаларда Ўзбекистон Ҳукуматига бундан буён ҳам фаол кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Сума Чакрабарти Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси этиб тайинланишидан аввал саккиз йил давомида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти лавозимида фаолият юритган.
LiveБарчаси