Мирзиёев Марказий Осиё миқёсида медиа платформа яратишни таклиф қилди

Жамият

image

Мирзиёев Марказий Осиё бўйича халқаро медиа платформа яратишни таклиф қилди. Бу ҳақда Президентнинг матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 14 сентябр куни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқида Осиё бўйича халқаро медиа платформа яратишни  ва уни "Марказий Осиёнинг тарихи ва маданияти. Ягона ўтмиш ва умумий келажак” деб номлашни таклиф қилди.

"Умумий тарих, урф-одат, маданият ва қадриятларга – Марказий Осиёнинг ноёб цивилизацияси муштараклиги ва ранг-баранглигига асосланган маданий-гуманитар ҳамкорлик бизнинг энг муҳим анъанавий устувор йўналишимиздир.

Биргаликдаги маданият, санъат ва кино кунлари, “дўстлик кечалари”, ёшлар форумлари, ижодкор зиёлиларнинг учрашувлари, илмий симпозиум ва спорт мусобақаларини ўтказиш эзгу анъанага айланиши лозим. Ушбу йўналишдаги ишларнинг тизимлилигини таъминлаш мақсадида Марказий Осиё мамлакатларининг маданий-гуманитар ҳамкорлигини чуқурлаштириш бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилишни таклиф этамиз”, дейди Президент.

Мирзиёевнинг фикрича, Марказий Осиё давлатларининг ноёб маданий-тарихий ва маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этишда оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланиш зарур. 

“Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак” халқаро медиа платформасини яратиш бу йўналишдаги амалий қадам бўлади. Бунда умумий минтақавий контентни шакллантириш учун олимлар ва кенг жамоатчилик вакилларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.

Буларнинг барчаси бир-бирини ўзаро тушуниш ва умумминтақавий ўзига хосликни англаш туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади”, дейди Президент.               

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти мамлакатлардаги истеъдодли ёшлар учун илм-фан ва таълим соҳасида Ал-Хоразмий, Форобий, Жомий, Махтумқули, Чингиз Айтматов каби Марказий Осиё минтақасидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар, аллома ва файласуфлар номидаги минтақавий грант ва стипендиялар таъсис этишни таклиф қилган.

“Ёш авлодни экстремистик ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида ёшларнинг радикаллашувига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Минтақавий комплекс дастур ишлаб чиқиш зарур”, деган у.    

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтиши айтилган эди.

Имомова Машҳура


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Шавкат Мирзиёев таклиф медиа платформа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг