Мирзиёев Қувайтга жўнаб кетди
Жамият
−
17 Февраль 3027 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг таклифига биноан бугун, 17 февраль куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Ал-Қувайт шаҳрида олий даражадаги музокаралар, бир қатор ишбилармонлик ва маданият тадбирлари бўлиб ўтади.
Бўлажак саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Қувайт дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, савдо, инновациялар, инвестиция ва молия, “яшил” энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олиши кўзда тутилган.
Маданий-гуманитар ва туризм алмашинувини кенгайтириш масалалари ҳам диққат марказида бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қувайт етакчилари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини кўриб чиқадилар.
Музокаралар якунида қатор қўшма ҳужжатлар ва битимлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 4-5 февраль кунлари расмий ташриф билан Малайзияда бўлганди. Ўшанда Малайзия расмийлари Президент Мирзиёев билан самимий учрашувлар ўтказиш учун қатъий протокол қоидаларидан чекиниб, юксак ҳурмат ва ишонч намойиш этган.
Live
Барчаси