Мирзиёев қўққисдан шароити оғир маҳаллага боргани раҳбарларнинг кўзини очиши кераклигини айтди
Жамият
−
14 Октябрь 2025 22345 3 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ойда Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига боргани раҳбарларнинг кўзини очиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 14 октябрь куни маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз очди.
Йиғилишда маҳаллада “еттилик” тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиққани, ишсизлик даражаси 2 баробар қисқаргани, 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келгани қайд этилди.
Шунингдек, маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Улар бошчилигида “еттилик” вертикал тизими яратилди, етарли шароит, ресурс ва ваколатлар берилди. Маҳалладаги ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, иш ўрни яратиш учун маҳаллаларга банкир ва солиқчилар боғлаб берилди, инфратузилмага ҳам алоҳида маблағ ажратилмоқда.
Давлат раҳбари булардан самарали фойдаланиб, натижа кўрсатаётган маҳаллалар кўплиги, лекин айримлари ягона жамоа бўлиб ишлаб кетишни ҳалигача ўрганмаганини кўрсатиб ўтди.
“Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига борганим вилоят ҳокимлари, республика, вилоят, туман раҳбарлари, “еттилик”ни кўзини очиб, уларни сифат ва компетенцияни оширишга ундаши керак”, деди Президент.
Туман ҳокимлари берилаётган маблағдан оқилона фойдаланиб, “маҳалла еттилиги” билан янги ёндашувлар асосида ишлаши зарурлиги қайд этилди. Масалан, Нориндаги Шўрариқ маҳалласи атрофидаги яна 6 та маҳаллага хизмат кўрсатадиган марказга айланмоқда. Бундан руҳланиб, “Замонавий гузар, сервис маркази, боғча, мактаб қураман, ишлаб чиқариш қиламан!”, деб ўнлаб тадбиркорлар ташаббус билан чиқди. Атрофидаги 6 та маҳалла штатидан тўғри фойдаланиб, тежалган маблағ ҳисобидан архитектор ва урбанист жалб қилингани натижасида ушбу 7 та маҳалла қиёфасини бутунлай ўзгартириш учун имконият пайдо бўляпти.
“Чунки тадбиркорлар ишини бошлаш ва бизнесини кенгайтириш учун, биринчи навбатда, яхши жой сўраяпти. Ҳар бир маҳаллада гавжум кўча борми – бор! Бўш ер ва бинолар борми – бор! Фақат мутахассис билан шу жойнинг лойиҳасини тайёрлаб, инфратузилма қилиб бериш керак!” деб вазифа қўйди Президент.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига Ислоҳотлар штаби билан бирга биринчи босқичда 33 та туман ва 330 та маҳаллада ишларни ана шундай ёндашув асосида йўлга қўйиш топширилди.
Маълумот учун, 16 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига кириб борган. Мазкур маҳалланинг шароити оғир. Ички йўллар таъмирталаб, кўча чироқлари ва "лотоклар" йўқ. Бу ерда 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз бор, 157 одам миграцияда.
Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов Президентнинг Шўрариқ маҳалласига ташрифи вақтида масъулларга қарата билдирилган танқидлардан сўнг ушбу маҳаллага ўрнатилган контейнер уйга кўчиб ўтди.
Live
Барчаси