Мирзиёев Имомали Раҳмон билан минтақадаги вазиятни муҳокама қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 октябрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, суҳбат чоғида икки мамлакат ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилган, бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилган. 

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш борасида қатъий эканликларини таъкидлаганлар. 

Расмий ахборотда Мирзиёев ва Раҳмон қўшни Қирғизистон Республикасида жорий йилнинг 5 октябрь куни бошланган тартибсизликлар хусусида суҳбатлашганига аниқлик киритилмаган. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 5 октябрь куни икки мамлакат раҳбарлари ўртасида телефон суҳбати ўтказилган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини маълум қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг