Мирзиёев фармацевтика соҳасини молиялаштиришни Асака банкка топширди
Жамият
−
19 Апрель 2023
5587Кеча, 18 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика саноатидаги лойиҳалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда Асака банкка фармацевтика соҳасидаги лойиҳаларнинг 25 фоизгача қисмига ўз улуши билан кириб, инвестор сифатида иштирок этиш топширилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Маҳаллийлаштиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш ва айланма маблағ билан таъминлашга 300 миллион доллар узоқ муддатли кредит ресурслари жалб қилиниши айтилди. Банк ҳузурида фармацевтика лойиҳалари маркази очилиб, тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш белгиланди.
Шунингдек, кам қувватда ишлаётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш ҳисобига, 400 турдаги янги маҳсулотларни ўзлаштириш ва 670 миллион долларлик импорт ўрнини қоплаш мумкинлиги айтилди. Бунинг учун корхоналарга 18 ойгача муддатда 1 миллион долларгача “револьвер” кредит, экспортчиларга тушум суғуртасини гаровга олган ҳолда 2 миллион долларгача кредит бериладиган бўлди.
Бундан ташқари, онкология ва онкогематология учун зарур бўлган дори воситалари ва моддаларни хориж технологияси асосида мамлакатда ишлаб чиқариш имконияти кўрсатиб ўтилди. Соҳадаги кўплаб корхоналарни GMP сертификати талабларига мослаштириш вазифаси қўйилди.
Тошкент фармацевтика кластеридаги лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.