Мирзиёев Эрдўғанни туғилган куни билан табриклади
Жамият
−
26 Февраль 2023
5926Бугун, 26 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Туркия етакчисини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар ҳамда қардош турк халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган. Ўзбекистон-Туркия муносабатлари бугунги кенг кўламли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликдек юксак даражага кўтарилишида Президент Эрдўғаннинг шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этилган.
Ўзбекистон Президенти Туркиянинг жануби-шарқий музофотларида содир бўлган вайронкор зилзилалар муносабати билан яна бир бор далда сўзларини изҳор этиб, уларнинг оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Мулоқот вақтида Туркия Президенти, ўз навбатида, энг мураккаб паллада кўрсатилган кўмак учун Ўзбекистон Президенти ва қардош халқига чуқур миннатдорлик билдирган.
Шунингдек, суҳбатда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. 2022 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни сўзсиз амалга ошириш муҳимлиги қайд этилган.
Бўлажак учрашувлар режаси, шу жумладан Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига ҳамда Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити тадбирларига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилган.