Мирзиёев Эрдўғанга таъзия билдирди
Жамият
−
14 Ноябрь 2022
5846Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 13 ноябрь куни Истанбулнинг Бейўғли туманида 6 кишининг ҳаётига зомин бўлган портлаш муносабати билан Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ҳамдардлик мактубини йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Президент Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳри Бейўғли туманидаги Истиқлол кўчасида юз берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга таъзия йўллади.
Давлатимиз раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига таскин-тасалли ва бардамлик, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади”, дейилади Асадов баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбулнинг Бейўғли туманидаги сайёҳлар гавжум ва машҳур Истиқлол кўчасида кучли портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған аввалроқ воқеада террор изи борлигини айтган эди. Кейинроқ республика вице-президенти Фуат Ўктай портловчи қурилмани аёл киши ишга туширганини айтди.
LiveБарчаси