Мирзиёев Дубайга ҳам боради
Жамият
−
09:23
2148Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 13-16 январь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ташриф доирасида Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида учрашув ва тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Давлат раҳбари Амирликлар пойтахтида Президент Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан икки томонлама музокаралар ўтказади, мамлакатнинг етакчи давлат ташкилотлари, компания ва банклари раҳбарлари билан учрашади, шунингдек, “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” халқаро саммитида иштирок этади.
Дубай шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, Бош вазири, Дубай Амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан учрашув ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, ташриф кун тартибидан Ўзбекистон-БАА дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, инвестициялар, “яшил” энергетика, инфратузилма, рақамлаштириш, сунъий интеллект, инновацион ривожланиш, туризм ва бошқа кўплаб устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
“Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари ҳам кўриб чиқилади. Олий даражадаги музокаралар якунида икки давлат ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган салмоқли келишувлар тўплами қабул қилиниши кутилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мирзиёев Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтадиган “Барқарор ривожланиш ҳафталиги – 2025” (Abu Dhabi Sustainability Week Summit) саммитида қатнашиши, у билан бирга Албания, Озарбайжон, Финляндия, Италия, Қозоғистон, Кения, Малайзия, Нигерия, Руанда, Сейшел ороллари, Уганда давлат раҳбарлари ҳам тадбирда иштирок этиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси