Мирзиёев Покистон Бош вазири билан музокара ўтказди
Жамият
−
15 Сентябрь 2022
3529Бугун, 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказди.
Қайд этилишча, давлат раҳбари дўст Покистон Бош вазирини мамлакатга ташрифи билан самимий қутлаб, Самарқанддаги ШҲТ саммитида иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Шаҳбоз Шариф самимий қабул ҳамда Покистондаги сув тошқинларидан жабрланганларга кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун Ўзбекистонга ташаккур изҳор этди. Покистон Ўзбекистон билан кўп қиррали стратегик шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Етакчилар икки томонлама, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини батафсил кўриб чиқдилар.
Ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йилда улар 47 фоизга, жорий йил бошидан яна 10 фоизга ошди. Қўшма корхоналар сони 200 тага етди.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Трансафғон темир йўли лойиҳасини тезлаштириш, савдо учун тўсиқларни бартараф этиш, товарларни ўзаро етказиб бериш учун қулай шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Президент Матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув очиқ, самимий ва дўстона руҳда ўтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь