Мирзиёев бир ой ичида иккинчи марта Алиев билан қўнғироқлашди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 апрель куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Етакчилар суҳбат давомида Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган. Ўтган йил август ойида Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари диққат марказида бўлган.

“Иқтисодий кооперация йили доирасида самарали ишлар олиб борилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 20 фоизга ошди. Автомобилсозлик, тўқимачилик, электротехника, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар фаол босқичга кирган.

Биргаликда бой маданий-гуманитар алмашинув дастури амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Президентлар жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги саммитларга пухта тайёргарлик кўриш, жумладан, Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, ҳудудлар ва ректорлар форумлари, маданий тадбирларни ўтказиш муҳимлигини қайд этган.

Етакчилар минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак кўп томонлама, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги тадбирлар режасини кўриб чиққан.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни ҳам Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилганди. Ўшанда давлат раҳбарлари икки ва кўп томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилган. Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳалардаги кооперация лойиҳалари ва дастурларини амалга оширишни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Озарбайжон Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг