Мирзиёев АҚШга ташрифини якунлади

Олам

image

Кеча, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йорк шаҳрига ташрифи якунланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари АҚШга ташрифи чоғида Бош Ассамблеянинг умумсиёсий мунозараларда сўзга чиқиб, БМТнинг энг долзарб глобал муаммоларини ҳал этиш учун асосий платформа сифатидаги ўрнига, шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтган.

Ўзбекистон етакчиси халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик энг долзарб масалаларни ҳал этиш, тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурган.

Ўзбекистон раҳбарининг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашуви ташрифнинг асосий воқеаси бўлди. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олишди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён, Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн, Чехия Республикаси Президенти Петр Павел, Албания Президенти Байрам Бегай, шунингдек, ХВФ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга ва Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконджо-Ивеала билан ҳам музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон Президенти АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни, АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус” раиси, конгрессмен Трент Келлини қабул қилган.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури ҳам сермазмун бўлди. Ўзбекистон етакчиси АҚШ ишбилармонлари билан давра суҳбати, шунингдек, қатор етакчи трансмиллий компаниялар, корпорациялар, инвестиция фондлари ва молиявий институтлар – “Franklin Templeton”, “Citigroup”, “BNY Mellon”, “NASDAQ”, “Boeing”, “Mastercard”, “Visa”, “General Motors”, “Nvidia”, “Oppenheimer”, “Jefferies”, “Air Products”, “Traxys”, “FLSmidth”, “GoGreen Partners”, “Cleveland Clinic”, “Cargill” ва бошқа кўплаб компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Учрашув ва музокаралар натижасида ўрта муддатли лойиҳалар дастури шакллантирилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва АҚШ Президентининг махсус вакили Сержио Гор ҳузурида муҳим минераллар, фуқаро авиацияси, кимё саноати, энергетика ва бошқа устувор соҳаларда имзоланган икки томонлама савдо шартномалари ва инвестиция битимларини алмашиш маросими бўлиб ўтган.

Америка Қўшма Штатларига ташрифи якунида давлат раҳбари, анъанага кўра, АҚШда ишлаётган ва яшаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар, шунингдек, Американинг етакчи университетларида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашди.

Ташриф тадбирлари якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрига жўнаб кетган.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп БМТ Бош Ассамблеяси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг