Мирзиёев АҚШ Конгресси вакилларини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 27 март куни АҚШнинг сенатор Стивен Дэйнс ҳамда Вакиллар палатаси қўмитаси раиси, конгрессмен Майк Рожерс бошчилигидаги делегацияларини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувларда Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

“Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликда юқори даражага эришилгани, фаол мулоқотлар ва ўзаро ташрифлар давом этаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “С5+1” форматидаги биринчи саммити ҳамда самарали ишбилармонлик учрашувлари муваффақиятли ўтказилди”, дейилади хабарда.

Давлат раҳбари парламентлараро алоқаларни, шу жумладан АҚШ Конгрессида фаолият юритаётган Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус ишини юқори баҳолаган.
Таъкидланишича, икки давлат орасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошиб бормоқда, 2023 йил якунида у 30 фоизга ошган. Ўзбекистон бозорида муваффақиятли фаолият юритаётган АҚШ компаниялари сони ортмоқда. Мисол тариқасида мамлакатимизда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган “Air Products” компаниясининг фаолияти қайд этилган.

Шунингдек, америкалик қонун чиқарувчилар вакиллик қилаётган Монтана, Алабама, Вашингтон, Калифорния ва Техас штатлари билан фаол амалий ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.

“Таълим, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, тоғ-кон саноати, “яшил” энергетика, фармацевтика, озиқ-овқат тармоғи ва бошқа соҳалар кооперация учун истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди”, дейилади хабарда.

АҚШ ҳудудлари бизнесининг Ўзбекистонга сафарларини ташкил этишга келишиб олинган. Xалқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 март куни америкалик сенатор Стивен Дэйнс Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлганди. АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари – Алабама штатидан республикачи Майк Рожерс, Вашингтон штатидан демократ Адам Смит, Калифорния штатидан демократ Салуд Карбахал ва Техас штатидан демократ Вероника Эскобар эса Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Стив Дэйнс Майк Рожерс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг