Мирзиёев Афғонистондаги мураккаб вазият ҳақида фикр билдирди
Жамият
−
01 Июль 2021
21614Афғонистондаги аҳвол мураккаблашиб бормоқда. Шу боис, ҳушёрлик ва огоҳликни ошириш ҳар қандай таҳдидларга муносиб жавоб беришга тайёр бўлиб яшаш ҳаётнинг ўткир заруратига айланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь — Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида айтиб ўтди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, минтақа ва дунёдаги вазият тобора кескинлашиб бормоқда. Миллий хавфсизлик, тинч ва осойишта ҳаётга нисбатан таҳдид ва хатарлар кучаймоқда.
“Мана, ўзингиз телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали кўряпсиз, қўшни Афғонистондаги аҳвол мураккаблашиб бормоқда. Бундай вазият Қуролли Кучларимиз салоҳиятини юксалтириш борасидаги ишларни, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси билан уйғун ҳолда олиб боришни талаб этмоқда. Шу боис ҳушёрлик ва огоҳликни ошириш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлигимизни мустаҳкамлаш, ҳар қандай таҳдидларга муносиб жавоб беришга тайёр бўлиб яшаш ҳаётнинг ўткир заруратига айланмоқда”, дейди Президент.
Мирзиёевнинг қўшимча қилишича, ёш авлоднинг онгини салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш ўзини ватанпарвар, деб ҳисоблайдиган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, айниқса ёшларнинг асосий бурчи бўлиб қолиши шарт.
“Ҳозирги вақтда миллий армиямиз, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, чегара қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбийларимиз чинакам Ватан ўғлонлари, жасур аждодларимизнинг муносиб давомчилари эканини амалда исботламоқда. Улар халқаро ҳарбий мусобақаларда, жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз байроғини баланд кўтараётганларини барчамиз яхши биламиз”, дея таъкидлади у.
Президент сўзида давом этар экан, мамлакат ҳарбийларининг жисмоний ва маънавий салоҳиятини ошириш мақсадида Жасорат мактабини яратишга қарор қилинганини эслаб ўтган.
“Бу борада амалий ишлар бошлаб юборилди. Шу билан бирга, олий ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар, жумладан, “Темурбеклар мактаби” фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Буюк саркардаларимизнинг жанг санъати, ҳарбий соҳадаги билим ва тажрибаси, энг муҳими, ватанпарварлик фазилатлари ҳар бир юртимиз ўғлони учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилиши керак. Уларнинг жанговар анъаналарини бугун ким давом эттиради? Сизлар, сизлар каби миллионлаб фарзандларимиз, албатта”, дейди давлат раҳбари.
LiveБарчаси