Мирзиёев COP28 да беш таклифни илгари сурди

Жамият

image

Бугун, 1-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан Дубай шаҳрида ўтаётган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг (COP28) асосий ялпи сессияси ишида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда дунёнинг 170 дан зиёд мамлакатларининг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар раҳбарлари қатнашмоқда.

Шавкат Мирзиёев нутқининг аввалида Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарияти ва халқини миллий байрами ҳамда тарихий саммитни муваффақиятли ташкил этгани билан самимий қутлаб, Амирликларнинг иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги глобал ташаббусларини ҳамда “яшил” тараққиётга қўшаётган катта ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон Президентининг таъкидлашича, ҳозирги даврда иқлим муаммолари жаҳондаги барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурган. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари замонамизнинг энг аянчли экологик инқирозларидан бири – Орол фожиаси туфайли Марказий Осиё ва унга ёндош минтақаларда айниқса жиддий сезилмоқда.

Мирзиёев йиғилганларнинг эътиборини айрим фактларга қаратди.

Масалан, Марказий Осиёда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп, сўнгги йилларда фавқулодда иссиқ кунлар сони 2-марта ортган, музликлар майдонининг учдан бир қисми эриб йўқолган.

Тупроқ емирилиши, мунтазам чанг ва қум бўронлари, ичимлик суви тақчиллиги, ҳаво ифлосланиши, биохилма-хиллик қисқариши, ҳосилдорликнинг кескин пасайиши ва кўплаб бошқа муаммолар минтақада истиқомат қилаётган миллионлаб одамларнинг турмуши сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Президент “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси эканини таъкидлаган.

“Сўнгги йилларда юртимизда муқобил энергия улуши икки бараварга кўпайди. Биз 2030-йилга бориб 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватлари барпо этамиз. “Яшил” водород ишлаб чиқариш бўйича илк амалий қадамларни ташладик. “Яшил макон” ташаббуси доирасида мамлакатимизда 1 миллиард туп кўчат экилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонлар барпо этдик”, деган Ўзбекистон етакчиси.

Тадбир кун тартибидаги асосий масалаларга ўтар экан, Ўзбекистон Президенти қатор таклифларни илгари сурди.

Жумладан, Мирзиёев Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни тезроқ келишишга чақирди.

Шу маънода, Марказий Осиё иқлим мулоқоти платформасида ишлаб чиқилаётган Мослашув стратегияси қайд этилди.

“Кеча “Йўқотиш ва зарарлар” глобал жамғармасини ташкил этиш бўйича қабул қилинган муҳим қарорни юксак баҳолаймиз”, дейди Мирзиёев.

Билдирилишича, ушбу механизмлар Жаҳон банки ва халқаро молия институтлари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши, энг аввало, иқлим ўзгаришидан катта азият чекаётган мамлакатларга салмоқли ёрдам беради.

“Глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши шарт. Бунда ривожланаётган давлатларнинг манфаатлари албатта инобатга олиниши жуда муҳим. Бу муаммони мунтазам равишда, “Катта еттилик” ва “Катта йигирмалик” форматлари кун тартибларида доимий кўриб чиқиб чиқилиши мақсадга мувофиқ”, дея таъкидлаган Ўзбекистон Президенти.

Шунингдек, Мирзиёев Оролбўйи ҳудудини Инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақасига айлантириш учун бу ерда илғор билим, тажриба ва ечимларни қўллаш мақсадида Иқлим технологиялари халқаро экспо-хабини яратишда барчани яқин ҳамкорликка таклиф этди.

Бундан ташқари, Президент Тошкентдаги “Яшил университет” негизида ташкил этилаётган Иқлим илмий форуми доирасида яқин илмий алмашинувни йўлга қўйиш ва қўшма тадқиқотлар ўтказишга чақирди.

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан 2024 йили Ўзбекистонда “Иқлим миграцияси” мавзусида конференцияни ўтказиш режалаштирилган.

Мирзиёев Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда “Яшил бандлик” дастурини ишлаб чиқиш, Иқлим ўзгаришининг бандликка таъсирини моделлаштириш марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Президент иқлим муаммоларини самарали ечишга ёшларни фаол жалб қилиш учун Ўзбекистон БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг Ёшлар форумини ташкил этишга тайёр экани қайд этди.

“Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича умумбашарий ғояларга доимо содиқдир. Бу эзгу мақсадда келгуси йили Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ва БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақираман”, дейди Мирзиёев.

Сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев Дубайдаги саммит натижалари сайёранинг янада барқарор, фаровон ва хавфсиз келажагини таъминлаш йўлида барча мамлакатлар ва халқларни яқинлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Дубай БМТ COP28

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг