Мирзиёев 5 мақсадини очиқлади

Олам 10629
image

Таълим, суд тизими, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш, тоза ичимлик суви – бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йилгача амалга оширишни режалаштирган ислоҳотларининг асосий йўналишлари. Бу ҳақда давлат раҳбари кеча, 31 август куни мамлакат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида сўз очди. 

“2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида кейинги ишларимизни 5 та асосий вазифалар бўйича ташкил этамиз”, дейди Президент.

Биринчи йўналиш – таълим соҳасида болалар замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаши учун энг қулай шароитлар яратиш. Бунинг учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилади.

“Ушбу тизим аввал илғор хорижий мутахассислар  томонидан экспертизадан ўтказилиб, кейингина ҳаётга татбиқ этилади. Натижада Янги Ўзбекистон мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб  етишади. Бунинг учун барча ҳудудларимизда, айниқса қишлоқ жойларда мактаблар қуриш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берамиз.

Устоз ва мураббийларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтарамиз”, дейди Мирзиёев.

Шунингдек, имконияти чекланган болалар учун инклюзив таълимни ҳар томонлама ривожлантирилади. 

Иккинчи йўналиш – мустақил суд тизими. Мирзиёевга кўра, суд тизими мустақил бўлмас экан, жамият ҳам мустақил бўлмайди. 

“Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим.

Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта давом эттирамиз”, дейди Президент.

Учинчи йўналиш – тадбиркорлик. 

“Дунё тажрибасидан маълумки, фақат тадбиркорлик ривожланган давлатда – сифатли таълим, малакали тиббиёт, фаровон ҳаёт ҳамда эртанги кунга ишонч бўлади”, дейди Президент.

Қайд этилишича, Янги Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринлари яратилади, камбағаллик қисқаради, аҳоли даромадлари кўпаяди. Бунинг учун хусусий мулк ва тадбиркорликка халақит бераётган барча тўсиқлар бартараф этилади.

Давлат бошқаруви ислоҳ қилиниб, иқтисодиётда давлат иштироки кескин камайтирилади.

“Биз аҳоли ва тадбиркорларга солиқ юкини енгиллаштириш, солиқ тизимини соддалаштириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттирамиз. Бунда ҳеч кимга алоҳида имтиёзлар берилмайди, соғлом рақобат муҳити учун барча зарур шароитлар яратилади”, дейди Мирзиёев.

Тўртинчи йўналиш – соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига янада сифатли ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш. 

Барча ҳудудларда шошилинч тиббий ёрдам қамровини ошириб, уни одамларга янада яқинлаштирилади.

“Мақсадимиз – халқимиз соғлом ҳаёт кечириши ва ўртача умр кўриш даражасини узайтиришга эришиш”, деб ваъда қилди Президент.

Бешинчи йўналиш – аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш.

Мирзиёевнинг ваъда қилишича, соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳажми кескин кўпайтирилади.

Шу билан бирга, муаммоли ҳудудларга тоза ичимлик сувини етказиш ва сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастурлар амалга оширилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 127
Рейтинг: 3
t
×