Минск самолётни қўндиришга қўндириб, энди ҲАМАСни “подстава” қиляптими?
Олам
−
25 Май 2021
10717Жорий йилнинг 23 май куни Афинадан Вильнюсга учиб, Минскда фавқулодда қўндирилган “Ryanair” самолётида бомба борлиги ҳақидаги хабар ҲАМАС ҳаракати номидан юборилгани айтилди. Бу ҳақда Беларусь Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги авиация департаменти директори Артём Сикорский маълум қилган.
Сикорскийнинг сўзларига кўра, Минск миллий аэропортининг электрон почтасига инглиз тилида қуйидаги хат келган.
“Биз, ҲАМАС аскарлари Исроилдан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни талаб қиламиз. Биз Европа Иттифоқидан ушбу урушда Исроилни қўллаб-қувватлашдан воз кечишни талаб қиламиз. Маълумки, Delfi Economic Forum қатнашчилари FR4978 рейси билан уйларига қайтади. Ушбу самолётда бомба бор. Агар сиз бизнинг талабларимизни бажармасангиз, бомба 23 май куни Вильнюс устида портлайди”, дея хатнинг мазмунини айтган Сикорский.
Сикорскийнинг айтишича, Беларусь ҳаво ҳаракатини бошқариш ходимлари “Ryanair” самолётининг экипажига эълон қилинган таҳдид тўғрисида хабар беришган, шундан сўнг самолётни Минск миллий аэропортига қўндиришга қарор қилинган.
Расмийнинг таъкидлашича, “самолётни қўндиришга ҳеч қандай босим ва мажбурлаш бўлмаган”.
Бунга жавобан Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати вакили Фавзи Барҳум Минскда фавқулодда қўндирилган “Ryanair” самолётини портлатиш билан таҳдид қилингани ҳақидаги хабарларни рад этган.
“Ryanair” воқеасидан сўнг Литва Беларусдан самолётларни қабул қилишни тўхтатди, Европа Кенгаши Европа Иттифоқи мамлакатларига “Белавиа”нинг барча парвозларини тақиқлашни буюрди, шунингдек, Буюк Британия ҳам “Белавиа”нинг парвозларига рухсатни тўхтатди. Европанинг бир қатор авиакомпаниялари, шу жумладан Франциянинг Air France, Латвиянинг airBaltic, Голландиянинг KLM, Скандинавиянинг SAS, Венгриянинг Wizz Air, Германиянинг Lufthansa, Финляндиянинг Finnair’и Беларусь ҳаво ҳудудидан
фойдаланмаслигини маълум қилди. Шунингдек, Украина 26 май ярим тундан бошлаб Беларусь билан парвозларни расмий равишда тўхтатишини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, 23 май куни Афинадан Вильнюсга учаётган “Ryanair” йўловчи самолёти шошилинч равишда Минск аэропортига қўнди. Бу самолётга бомба ўрнатилгани ҳақида эълон қилинганидан кейин содир бўлди. Кейинчалик, бу ёлғон бўлиб чиқди.
Маълум бўлишича, самолёт бу вақтда Беларусь осмонида парвоз қилаётган бўлган ва мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли МиГ-29 қирувчиси йўловчи самолётининг мажбурий тарзда қўндирилишини таъминлаган.
Ушбу самолёт бортида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган ва бир неча ой давом этган норозилик намойишларини ёритган ва унда қатнашишга чорлаган Nexta Telegram канали бош муҳаррири Роман Протасевич ҳам бўлган ва табиийки, дарҳол ҳибсга олинган.
Маълумот учун, Nexta Telegram канали Беларусда экстремистик, деб топилган. Протасевичнинг ўзи терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган ва қидирувга берилган.
У Беларусда “оммавий тартибсизликлар уюштириш”да (15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин) ва “жамоат тартибини қўпол равишда бузган гуруҳ ҳаракатлари”да (уч йилгача озодликдан маҳрум қилишда) айбланмоқда.
Бундан ташқари, унга нисбатан касбий мансублиги асосида “ижтимоий адоватни қўзғатишга қаратилган қасддан хатти-ҳаракатлар содир этиш тўғрисида” жиноий иш қўзғатилган (энг юқори жазо 12 йил).
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь