Миллий хавфсизлик собиқ депутатнинг ўғлини “вор в законе”ларга алоқадорликда айблаб ҳибсга олди
Олам
−
21 Декабрь 2023
23824Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Жогорку Кенеш (парламент) собиқ депутатининг ўғлини криминал бошлиқ Қамчибек Қўлбоевнинг жиноий даромадларини легаллаштиришда айблаб қўлга олди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Разведка хизмати ҳибсга олинган шахс кимнинг ўғли эканлигига аниқлик киритмаган. Хабарда фақат унинг исми бош ҳарфлари кўрсатилган – М.А.М.
“24.kg” нашри ўз манбаларига таяниб, ҳибсга олинган шахснинг исми Азиз Мирзабеков ва у парламентнинг собиқ депутати Динара Исаеванинг ўғли эканлигини ёзмоқда.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг аниқлик киритишича, айбланувчи 6 декабрь куни ҳибсга олинган. Суд уни Бишкекдаги 1-тергов изоляторида сақлаш бўйича қарор қабул қилди.
Тергов маълумотларига кўра, М.А.М. Қўлбоевнинг Lexus LX570 русумли зирҳли автомашинасини ўзлаштирган ва полиция автомобилнинг қонуний эгасини аниқламаслиги учун уни уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига фойдаланиш учун топширган.
Шунингдек, депутатнинг ўғли Кўлбоев билан “яқин оилавий муносабатда бўлган” ва жиноятчилар гуруҳи аъзолари томонидан ўтказиладиган баъзи спорт тадбирларини молиялаштирган.
Хавфсизлик кучлари айбланувчидан катта миқдордаги мол-мулк, жумладан, Дубайдаги Business Bay элита ҳудудида жойлашган қиймати 4,5 миллион доллардан ортиқ бўлган 24 та квартирани топган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг қўшимча қилишича, Қўлбоевга тегишли мол-мулкни аниқлаш ва давлатга қайтариш давом эттирилади.
Қамчибек Кўлбоев қирғизистонлик тилга тушган “вор в законе” (қонундаги ўғри) эди. Унинг ҳибсга олинишига нафақат мамлакат ичкарисида, балки хорижда ҳам қизиқиш бор эди. 2014 йилдан бери АҚШ расмийлари Кўлбоев ҳақидаги маълумот учун миллион доллар таклиф қилган, 2021 йилда эса мукофотни 5 миллионга оширган.
Кўлбоев шу йилнинг 4 октябрида Бишкекда уни қўлга олиш бўйича махсус операция чоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган. Бир неча кундан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси унинг турли мамлакатларда бир миллиард долларга тенг бўлган, жумладан, 850 дан ортиқ кўчмас мулки борлигини аниқлаган.
Жорий йилнинг 5 октябрь куни махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиев ҳукуматнинг мамлакатда тартиб ўрнатиш нияти ва қонунни бузган уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг “бошини кесишга” тайёрлигини маълум қилган эди.
Ташиевнинг сўзларидан кейин гуруҳ аъзолари, шунингдек, жиноятчилар билан ҳамкорлик қилган тадбиркорлар ва мансабдор шахслар оммавий ҳибсга олинди. Масалан, 14 декабрь куни Ўшда колония бошлиғи маҳбусларни гиёҳванд моддалар билан таъминлаган уюшган жиноий гуруҳни “ҳимоя қилгани” учун ҳибсга олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь