Миллий гвардия ва ИИОнинг ваколати кенгайтирилмоқда
Жамият
−
11 Октябрь 2023
10813Эндиликда, ички ишлар органлари ҳузуридаги оммавий тадбирларни назорат қилиш комиссиялари фаолияти ташкил этилади, уларнинг таркиби, мақоми ва ваколатлари белгиланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган "Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарорида сўз боради.
Ҳужжатга мувофиқ, оммавий тадбирларни ўтказишнинг илгари тасдиқланган қоидаларига, жумладан, оммавий тадбирларнинг мақомини белгилаш ҳамда уларни алоҳида, биринчи ва иккинчи тоифадаги тадбирларга ажратишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиляпти.
Маълум бўлишича, оммавий тадбирлар уларнинг аҳамияти, кўлами ва улар ўтказиладиган ҳудудига қараб тоифаларга ажратилади.
Масалан, Янги йил, Наврўз байрами, Мустақиллик куни, Хотира ва қадрлаш куни, Қурбон ҳайити ва бошқа байрамлар, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ўтказиш, футбол бўйича халқаро миқёсдаги учрашувлар алоҳида тоифадаги оммавий тадбирлар жумласига киритилади.
Ҳужжатда қайд этилишича, алоҳида ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш ички ишлар органларига, биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш эса Миллий гвардия зиммасига юкланади.