Миллий гвардиянинг қўриқлаш фаолиятига оид ваколатлари кенгайтирилади
Ўзбекистон
−
2089 1 дақиқа
Миллий гвардиянинг қўриқлаш фаолиятига оид ваколатларини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 26 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган қўриқлаш хизматлари сифати ва қамрови даражасини ошириш юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Миллий гвардиянинг қўриқлаш фаолиятига оид ваколатларини кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Хусусан, Миллий гвардия томонидан қўриқланиши мумкин бўлган объектлар турларини 13 тадан 24 тага етказиш, жисмоний ва техник қўриқлаш, тансоқчилик ҳамда турли тадбирларда жамоат тартибини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш таклиф қилинган.
Шу билан бирга, мажбурий тартибда қўриқланиши лозим бўлган объектлар тоифаларини қонунчиликда белгилаш, идоравий қўриқлаш бўлинмаларининг ҳуқуқ-тартибот органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Таклиф этилаётган чора-тадбирлар натижасида 2027 йилда қўриқлашга олинган объектлар сонини 600 мингтага, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар сонини 800 тага етказиш, қўшимча 1,5 мингта маҳаллада патруллик хизматини ташкил этиш мақсадида қўриқлаш хизмати ходимлари сонини 8 мингтага ошириш мақсад қилинган.
Давлат раҳбари қўриқлаш тизимини такомиллаштиришда, аввало, инсон манфаатлари, аҳолининг осойишталиги ва мол-мулки дахлсизлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиши лозимлигини таъкидлаган.
Мутасаддиларга аҳоли учун сифатли ва ҳамёнбоп хизматларни йўлга қўйиш ҳамда масъул идораларнинг халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, ҳамжиҳатликда ишлашини таъминлаш бўйича топшириқлар берилган.
Live
Барчаси