Инвесторлар, сайёҳлар ва тадбиркорларга тансоқчилик хизмати жорий этилади

Ўзбекистон

−

visibility1171 timer2 дақиқа

image

Ўзбекистонда инвесторлар, сайёҳлар ва тадбиркорларга тансоқчилик хизматларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 26 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган қўриқлаш хизматлари сифати ва қамрови даражасини ошириш юзасидан тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, инвесторлар, сайёҳлар ва тадбиркорларга тансоқчилик хизматларини кўрсатиш, оилавий ва бошқа тадбирларда жамоат тартибини сақлаш, учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида кузатувни амалга ошириш, мавсумий фаолият юритувчи объектларни қўриқлаш каби хизматларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Янги қурилаётган объектларни қўриқлашнинг муҳандислик-техник воситалари билан жиҳозлаш бўйича ягона талабларни белгилаш, шаҳарсозлик нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф этилган.

Фуқароларнинг мол-мулкларини ҳимоя қилиш мақсадида кўп квартирали уйларда техник қўриқлаш (домофон ва ташвиш тугмаларини ўрнатиш) хизматидан фойдаланиш амалиётини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Қўриқлаш соҳасида хусусий сектор имкониятларидан кенг фойдаланиш учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий шароитларни яратиш бўйича таклифлар билдирилган.

Жумладан, хусусий ташкилотлар томонидан қўриқлашнинг техник воситаларини ўрнатиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатишнинг ягона тартиби ва талабларини белгилаш кўзда тутилган.

Қўриқлашнинг замонавий техник воситаларини маҳаллийлаштириш, миллий дастурий таъминот ва қурилмалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича режалар тақдим этилган.

Қайд этилишича, маҳаллийлаштириш даражасини 30 фоиздан 60 фоизга, қурилмалар ишлаб чиқариш қувватини ойига 10 мингтадан 30 мингтага етказиш ҳисобига уларнинг таннархини 1,7 баробар арзонлаштириш имконияти мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миллий гвардиянинг қўриқлаш фаолиятига оид ваколатларини кенгайтириш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг