Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари ҳам лавозимидан озод этилди
Жамият
−
28 Июль 2023
11082Миллий гвардия қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари Иномжон Ибрагимов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Фарғонада бўлиб ўтаётган Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида маълум қилинди.
Келтирилишича, Президент жамоат жойларида тинчликни таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтган.
Шерзод Асадовга кўра, Миллий гвардияга қўшимча ваколат берилиб, парк, хиёбон ва бозорларда жамоат тартибини сақлаш ушбу тузилма зиммасига юкланган. Аммо бозорларни “жиноятдан холи ҳудуд”га айлантириш борасида Миллий гвардиянинг фаолияти қониқарли эмаслиги таъкидланган.
Шу йилнинг ўзида Миллий гвардия масъул бўлган ҳудудлардаги 236 та жиноятнинг 86 фоизи айнан бозорда содир этилган.
Умуман, Миллий гвардия жавобгарлиги остидаги ҳудудларда жиноятларга қарши курашиш бўйича тизим яратилмагани кўрсатилиб, Миллий гвардия қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари Иномжон Ибрагимов лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармагани учун Миллий гвардиянинг Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари бошлиқлари ҳамда Навоий шаҳар қўриқлаш бўлими бошлиғини ишдан бўшатишга кўрсатма берилган.
Маълумот учун, Иномжон Ибрагимов ушбу лавозимга 2021 йил 17 ноябрь куни тайинланган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Ички ишлар вазирининг ўринбосари Нажмиддин Тўрахўжаевни ҳамда 15 та туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва 5 нафар туман прокурорини вазифасидан озод қилганди.
LiveБарчаси