MIDWEEK : Украина бойликларини қўлга киритаётган Трамп, “жаҳаннам” таҳдиди остидаги ҲАМАС, табиий офат қаршисидаги Туркия

Таҳлил

Туркия яна жиддий табиат синови билан юзлашиши мумкин. Аммо сейсмологлар бу сафарги табиий офат 2023 йилда Қаҳрамонмарашда содир бўлган зилзиладан анча даҳшатлироқ бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Трамп эса Ғазони текислаш режаси жиддий эканини бот-бот таъкидламоқда. У секторда қандайдир ривьера қуриш ниятидан воз кечмаслиги аён бўляпти.

Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий музокаралар эса бугун ҳар қачонгидан-да яқин.

Қуйида ўтиб бораётган ҳафта ўртасига қадар дунёда содир бўлган воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ’нинг MIDWEEK дастури.

Табиат синови устидаги Туркия

Эгей денгизида январь ойи охиридан бери зилзилалар давом этмоқда. Тебраниш, айниқса, Грециянинг Санторини (Тира) оролида сезилаётгани айтилади. Чунки зилзила айнан Санторини оролидан 8 километрча узоқликда жойлашган Колумбо сувости вулқони ҳудудида содир бўлган. 

Эгей денгизидаги сейсмик фаоллик оқибатлари Туркияга етиб бориши ва цунами келтириб чиқариши мумкинлиги, айниқса Колумбо вулқонининг отилиши хавфи борлиги таъкидланмоқда. “The New York Times” маълумотига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида оролда яшовчи 15 минг кишидан 13 минги уни тарк этган. Айни дам оролда саноқли кишилар қолган бўлиши мумкин. 

Бундай потенциал хавф фонида Туркия ҳам ҳаракатга келган. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар бошқармаси (AFAD) маълумотларига кўра, Бодрум ҳудудида Эгей денгизида давом этаётган зилзилалар туфайли эҳтимолий цунами ҳақида огоҳлантириш учун сирена тизими ўрнатилган. Қайд этилишича, ҳудудга турли вилоятлардан AFAD гуруҳлари етиб келган. Аҳолини огоҳлантириш тизими бир қанча қирғоқ ҳудудларида ҳам ўрнатилган. AFAD маълумотларига кўра, Туркия қирғоқларига энг яқин зилзила 140 км узоқликда қайд этилган. 

Бу жорий йил ҳисобида Туркияни ташвишга солаётган биринчи эҳтимолий табиий офат муаммоси эмас. Январь ойи бошида худди шу Бодрумдан 400 км узоқликда жойлашган Мармар денгизи ҳудудида ҳам содир бўлиши мумкин бўлган зилзила Истанбул учун фалокатли якунланиши мумкинлиги айтилганди. Гап шундаки, Истанбул ва Бурса оралиғида жойлашган ушбу денгиздаги зилзила 16 миллионлик мегаполиснинг 4 миллион аҳолисига жиддий хавф туғдириши мумкин. Бундай эҳтимолий хавф-хатар ҳақида Туркиянинг етакчи сейсмологи Нажи Гўрюр огоҳлантириш билан чиққанди.

“Мегаполиснинг тўрт миллионга яқин аҳолиси содир бўлиши мумкин бўлган зилзила олдида ўлимга юзма-юз келмоқда. Моддий йўқотишларни тасаввур қилиб бўлмайди. Истанбулдаги энг нуфузли муассасалар ҳам шаҳардаги биноларнинг 60 фоиздан ортиғи зилзилаларга чидамли эмаслигини даъво қилмоқда. Истанбулдаги зилзила бизни чўктиради, ҳазиллашмаяпман. Мармар денгизи минтақаси қулаб тушса, бутун Туркия тиз чўкади”, дейди Гўрюр. 

Шунингдек, Гўрюр сўнгги ўн йил давомида Мармар денгизи ҳудудидаги тектоник ёрилишлар бўйича илмий тадқиқотлар олиб борганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бу тадқиқотлар Италия ва Франциянинг сейсмик кемалари билан дунёдаги энг илғор олимлар ҳамкорлигида амалга оширилган.

“Шимолий Анатолия ёриқлар тармоғининг шимолий қисми Мармар денгизи орқали ўтади. Бир тармоқ Шаҳзода оролларининг жанубида жойлашган бўлиб, биз уни орол ёрилиши деб атаймиз. Иккинчиси эса Кумбургаз ёрилиши бўлиб, Ешилкўйдан Силивригача чўзилади. Биз бу икки ёрилиш блокланганини ва уларда энергия тўпланаётганини аниқладик. Ёрилишларнинг бузилишига тўсқинлик қилаётган ишқаланиш кучи мавжуд. Бу тўсиқ бартараф этилган заҳотиёқ зилзила содир бўлади”, деди олим. 

Сейсмологларнинг баҳолашича, магнитудаси 7 ёки ундан юқори бўлган зилзилада тахминан 90 минг бино вайрон бўлади, 260 минг бино шикастланиб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келади. 4,5 миллион одам вақтинчалик бошпанага муҳтож бўлади. Гўрюрдан олдинроқ эса Туркия Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум агар Истанбулда зилзила содир бўлса, дастлабки дақиқаларда олти юз минг уй қулаш хавфи остида қолиши ва тахминан 2,5 миллион киши жиддий хавф остида яшаётганини маълум қилганди.

Туркиядаги табиий офатлар ҳақида гап кетар экан, бундан роппа-роса икки йил олдин – 2023 йил 6 февралда Туркия жануби-шарқида магнитудаси 7,7 ва 7,6 бўлган иккита кучли зилзила юз бергани ва ушбу табиий офат оқибатида 53,5 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлгани ва яна 107 мингдан ортиқ инсон жароҳат олгани ҳалигача кўпчиликнинг хотирасини тарк этмаган. Зилзила Газиантеп, Адана ва Қаҳрамонмараш каби ҳудудларда ўзининг ҳалокатли таъсирини кўрсатганди. Бу зилзила ўзининг даҳшатли рақамлари билан Туркия тарихида 1939 йил Арзинжонда содир бўлган фалокатдан кейинги энг йирик ер силкиниши сифатида қайд этилди. Бу офатдан Туркия билан бир пайтда Суриянинг шимоли-ғарбида жойлашган қатор ҳудудлар, жумладан Идлиб, Ҳалаб, Ҳама ва Латакия каби вилоятлар ҳам жиддий зарар кўрганди. Аммо ўша пайтда мамлакат жиноийлашган Асад режими ҳукмронлиги остидалиги ва дунёга деярли ёпиқ бўлгани боис Суриядаги ҳалокат дунё миқёсида Туркияга берилган эътиборчалик бўлмаганини ҳам қайд этиш лозим.

Ғазога “қутуриб боқаётган” қария “йиртқич”

16 январь куни Исроил, ҲАМАС, АҚШ ва Қатар вакиллари Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни расман имзолагандан сўнг, 19 ва 25 январь ҳамда 1 февраль кунлари икки ўртада маҳбус ва асирлар алмашинуви бўлиб ўтганди. Аммо эндиликда ҲАМАС ҳарбий қаноти “Иззад-Дин ал-Қассам” бригадаси воизи Абу Убайда Исроил 15 февраль санасига белгилаган кейинги алмашинув номаълум муддатга қолдирилганини маълум қилди. Убайда бу қарорнинг сабаби сифатида Исроил ўт очишни тўхтатиш бўйича келишилган мажбуриятларни бажармаганини келтирди. Ҳақиқатдан ҳам сулҳ кучга кирган кундан бошлаб Исроил армияси бутун дунё кўз ўнгида беш ёшли қизалоқни ўлдириш орқали ўз мажбуриятларини бажармаётганини яққол кўрсатди. Бундан ташқари, сулҳдан сўнг, Исроил томонидан қилинган қоидабузарликлар таркибига фаластинликларнинг Ғазо сектори шимолига қайтишига йўл қўймаслик ва гуманитар ёрдам, хусусан, чодирлар, ёқилғи, дори-дармон ва вайроналарни тозалаш учун жиҳозларнинг киришига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам киради.

Аммо, кутилганидек, ҲАМАСнинг бу қарорига зудлик билан океан ортидан таҳдидли баёнот етиб келди. Нетаньяхунинг том маънодаги “энага”сига айланган АҚШ Президенти Дональд Трамп ҲАМАС ҳаракатидан барча исроиллик гаровга олинганларни 15 февраль куни тушгача озод қилишни талаб қилди. Оқ уй раҳбари агар ҲАМАС айтилган муддатда гаровга олинганларни қайтармаса, оташкесим келишувини бекор қилиш ва ҳаракатга нисбатан “жаҳаннам”ни бошлаш билан таҳдид қилди. Яҳудий давлати Мудофаа вазири Исроил Кац эса ҲАМАСнинг қарорини томонлар эришган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни “тўлиқ бузиш” деб атади ва Ғазо секторидаги ЦАХАЛ кучларини тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирди. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам бу ҳолатга нисбатан муносабат билдириб, ҲАМАСни гаровдагиларни озод қилиш жараёнини давом эттиришга чақирди. У можарода иштирок этаётган томонларни тинчлик музокараларини қайта бошлашга, ҲАМАС ҳаракатини эса гаровдагиларни озод қилиш жараёнини давом эттиришга ундади.

Бугун Ғазо ва унинг атрофида кечаётган жараёнларга назар ташланса, барчаси гўёки Фаластин давлатчилигининг аянчли тақдирига қараб йўналиш олаётгандек таассурот уйғотади. Трамп расман президентлик фаолиятини бошлаганидан сўнг ўтган ҳафта Оқ уйга илк хорижий ташрифни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху амалга оширгани, шу учрашувда Трамп илк бор Ғазони эгаллаш истагини билдиргани, сал аввалроқ ғазоликларни кўчириш мўлжалланган Иордания қироли Абдуллоҳ II нинг Трамп билан учрашуви, кейинги меҳмонлар эса Саудия валиаҳди ва Миср президенти билан бўлиши айтилаётгани, хуллас, барча-барчаси Фаластин тақдири учун потенциал хавфдек кўринмоқда. Кўп эҳтимол ас-Сиси, Абдуллоҳ II ва “қора шаҳзода” Трампнинг Ғазо бўйича режаларига рад жавобини беради. Аммо шундай бўлса-да, Оқ уй раҳбарининг бу борадаги мақсадлари жуда жиддийлиги аллақачон аён бўлди. У ҳатто Гренландия мавзусига тўхталмай ҳам қўйди. Трампни айни дамда фақат Ғазо ва унда қурилиши режалаштирилган “Яқин Шарқ Ривераси” қизиқтираётган бўлиш эҳтимоли катта. Сал аввал у “Fox News” телеканалида эфирга узатилган интервьюда Ғазо секторини қўлга киритиш ғоясига содиқ қолишини айтди. Шу билан бирга, Трамп бу ерда яшовчи фаластинликлар ўз уйларига қайтолмаслиги, ортга йўл йўқлигини ҳам қўшимча қилди.

Бироқ айни пайтда, “Reuters” хабар берганидек, Ғазо секторидаги фаластинликлар Ўртаер денгизи соҳилидаги вайрон бўлган мулкларни қайта тикламоқчи ва Трампнинг АҚШ назорати остида қандайдир “Яқин Шарқ Ривьера”сини яратиш режаларига қарши чиқмоқчи. Трампнинг таклифи фаластинликлар, араб давлатлари ва АҚШнинг кўплаб Ғарб иттифоқчилари томонидан ҳам кескин танқид қилинди. Аммо хаёлида аллақачон Ғазода қандайдир утопия қураётган Трамп бу ишга амалий қадам ташлаб, ўз императивларини ишга солишга киришгудек бўлса, дунёда бирор бир ҳарбий ёки иқтисодий куч унинг бу империалистик ҳаракатига қарши туриши даргумон. Суриядан ҳайдалган ва қаршилик ўқидаги прокси гуруҳлари фалажланган Эрон, Украина билан масалани ёпа олмаётган Россия, Суриядаги янги миссиялар билан овора бўлган Туркия, фаластинликлар тақдири заррача ҳам қизиқтирмайдиган Саудия валиаҳди, Трамп бошлаган “савдо уруши” билан банд бўлган Хитой, хуллас ҳеч бир сиёсий кучдан айтарли жавоб кутиш қийин. Яқин-яқингача ўзининг учала сайловолди компаниясида ҳам АҚШнинг Ироққа, Ливияга кириши хато бўлгани ва Яқин Шарқдаги вайронагарчиликларга сабаб бўлган ҳаракатларини кескин танқид остига олган Трамп эндиликда бу босқинчилик ҳаракатини ўзи амалга оширмоқчи.

Аммо юқорида таъкидланганидек, Ғазо масаласида унга амалий қаршилик қилиши мумкин бўлган куч топилиши амримаҳол. Фақатгина эҳтимолий импичмент каби камдан кам содир бўлиши мумкин бўлган мўъжиза бунга тўсқинлик қилиши мумкин. Бироқ бугунги кунда Конгрессда кўпчилик ўринларни республикачилар эгаллаганини инобатга олсак, бу вариант ҳам эҳтимолдан анча узоқ.

Музокаралар эшиги олдидаги Киев ва Москва

АҚШ Президенти Дональд Трамп ўтган ҳафта сўнгида Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали гаплашиб, Россия-Украина урушини тугатиш бўйича музокаралар олиб боришга ҳаракат қилганини айтганди. Уларнинг телефонда неча марта гаплашгани сўралганда эса, Трамп бу ҳақдаги тафсилотларни очиқламасликни афзал кўрди. Трампнинг таъкидлашича, Путин жанг майдонидаги ўлимлар ҳақида “ҳақиқатан ҳам қайғуради”. 3 йилдан буён давом этаётган босқиннинг тўхташига энг асосий тўсиқлардан бири бўлган Путин қурбонлар ҳақида қайғураётгани ажабланарли янгилик, албатта. Нима бўлган тақдирда ҳам бугун музокаралар ҳақида ҳар қачонгидан-да кўп гапирилмоқда. Бугун босқиннинг тўхтатилиши ҳар қачонгидан-да яқиндек туюлаётгани бор гап. 

Устига-устак, АҚШ Президенти ниҳоят урушни тугатиш учун унда аниқ режа борлигини айтди. Дональд Трамп Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Уолтцга можарони ҳал қилиш бўйича учрашувлар ташкил этишни топширди. Аммо Трамп Украинани Россия босқинидан сақлаб қолишни текинга амалга оширмоқчи эмаслиги олдин ҳам айтилганди. У Зеленский билан ҳар қандай потенциал тинчлик келишувида хавфсизлик кафолатлари эвазига Украина ерларида жойлашган 500 миллиард доллар ҳажмига эга бўлган ноёб минералларга бой ҳудудлардан фойдаланишни истамоқда. Чунки Трамп анчадан буён АҚШ Украинага шунчаки пул сарфлашга қарши эканлигини очиқ айтиб келади. Украинада замонавий технологияларни ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган “литюм“дан тортиб “титан“гача бўлган муҳим элементлар ва минералларнинг улкан конлари мавжуд. Шунингдек, у катта кўмир захираларига, нефть, газ ва уранга ҳам эга. Аммо бугун буларнинг аксарияти Россия босқини остидаги ҳудудларда. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Россиядан ҳимоя қилиниш эвазига АҚШга ўз мамлакатининг табиий ресурсларига кириш имкониятини тақдим қилишга қарши эмас.

Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий музокаралар ҳақида гап кетар экан, юқорида таъкидланганидек, бу борада олдинга силжишлар йўқ эмас. Бунга энг ёрқин мисоллардан бири сифатида Украина масаласи бўйича махсус вакил этиб тайинланган ва 100 кун ичида босқинни тўхтатиш вазифаси юкланган Кит Келлогг ниҳоят ўз вазифасини Вашингтонда ўтириб эмас, балки яқин орада Украинага бориш билан давом эттиришини кўрсатса бўлади. CNN’нинг  хабар беришича, Келлоггнинг Украинага ташрифи шу ҳафта, яъни 14-16 февраль кунларига тўғри келади. Шунингдек, Трамп Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали гаплашиши мумкин. Келлоггнинг ўзи эса “Fox News” телеканалига берган интервьюсида Россия ва Украина ўртасидаги можарони ҳал қилиш масаласида Трампга ишонишини айтиб, бир неча ой ичида тинчлик ўрнатилиши мумкин деган фикрни билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Истанбул Туркия Москва Дональд Трамп зилзила Киев Исроил Ғазо ҲАМАС AFAD Нажи Гўрюр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг