Путин Грознийга, Трамп эса Бушга айланмоқчи – Midweek

Таҳлил

Путин Россияни ўла-ўлгунча, бўлиб ҳам 100 ёшгача бошқариши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар яна урчимоқда.

АҚШ эса Венесуэлада Ироқ сценарийсини такрорлашига кўп қолмагандек тассурот пайдо бўлди. Трамп Мадуро Президент сифатида сўнгги кунларини яшаётганини айтди.

Афғонистондаги зилзилилар Марказий Осиёни хавотирга соладиган даражага чиқиб боряпти. Бу сафар 7 балл. Ўзбекистонда эса энг кўпи билан 5.

Ким Чен Ин Путиннинг босқин машинаси учун яна ўз халқини қурбон қилишда давом этиши айтилмоқда. Россияга 5 минг шимолий кореялик аскар тухфа қилиниши мумкин.

Ҳафта ўртасига қадар дунёда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастурида танишинг.

Путин тахтдан 100 дан кейин тушмоқчими? 

73 баҳорни қаршилаб қўйган Россия еткачиси Владимир Путин ҳокимият тепасига келганига 25 йил тўлди. Аммо у яна шунча Кремль тахтида ўтиришни режа қилган бўлиши мумкин. У 2050 йилгача ҳокимиятда қолишни истайди. Журналист Илья Давлятчин “Daily Star” нашрида Путиннинг мазкур режаси қай йўсинда амалга оширилиши ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашган. Унинг сўзларига кўра, Иосиф Сталиндан бери Кремлни бошқа ҳар қандай ҳукмдордан узоқроқ вақт бошқарган 73 ёшли Путин 97 ёшгача ҳокимиятни сақлаб қолишни истамоқда. Энг қизиғи, Давлятчиннинг прогнозида Путин ўзидан кейин собиқ гимнастикачи Алина Кабаевадан туғдирилган ва исми Иван дея ишонилувчи зурриёдига қолдиришни режа қилаётгани ҳақида сўз боради. Расман ном-нишонсиз, 2015 йилда туғилгани тахмин қилинадиган бу бола ҳозирда 10 ёшда бўлиши мумкин ва 2050 йилда у 35 ёшга тўлади. Бу эса Россия Конституциясига мувофиқ Президент бўлиш учун ёш чегараси масаласи ҳал бўлишини англатади.  

Биламиз, Путин ва Кабаева муносабатлари баъзан ҳақиқатга яқин, баъзан эса ҳаддан ортиқ бўрттирилгандек туюлади. У Путиндан ўғил кўргани ва одамлардан узоқдаги махфий қасрларда яшаши ҳақидаги материаллар асосан собиқ мухолифатчи, марҳум Алексей Навалнийга алоқадор платформалар томонидан эълон қилинади. 

Путиннинг ваколат муддатига қайтадиган бўлсак, у ваколатларини ноллаштириш учун 2020 йилда конституцияни ҳам ўзгартириб олди. Бу эса унга 2036 йилгача, яъни 83 ёшгача Президент бўлиб қолиш имконини беради. Аслида ҳукмронлик муддати бўйича Путин аллақачон ўзининг автократ ўтмишдошларидан ўтиб кетиб бўлди. У 25 йилдан буён ҳокимият тепасида. Масалан, энг қаттиқ автократлар қаторида тилга олинувчи қатор сиёсатчилар, жумладан Аугусто Пиночет 17 йил, Ким Чен Ир 17 йил, Бенито Муссолини, Индонезия диктатори Сухарто 20 йил, Руминиянинг собиқ етакчиси Николае Чаушеску 24 йил ўз мамлакатларини бошқарган. 

Улардан аллақачон бу масалада ўтиб кетган Путин амалдаги конституция бўйича ўлмай туриб барча имкониятлардан фойдаланса, кейинги марралар хусусан, 27 йиллик Мао Сзедундан, 36 йиллик Франциско Франко ва Антонио де Салазар, 42 йиллик Муаммар Каддафий, 46 йиллик Ким Ир Сен ва 49 йиллик Фидел Кастродан ўтиб кетади. Энг қизиғи, агарда воқеалар ривожи шундай йўналишда кетса, Путин тарихда 50 йил ҳукмронлик қилган Иван Грознийдан кейин Россиянинг энг узоқ вақт ҳукмронлик қилган раҳбарига айланади.

Умуман олганда, Путиннинг ўзи узоқ яшаш ҳақида сўнгги пайтларда жуда кўп ўйлаётгани кўриниб турибди. Хитойдаги парадда шундай имконият тақдим қилинса, жон деб фойдаланиши мумкин бўлган Си Цзиньпин билан шу мавзу ҳақида гаплашганига бутун дунё гувоҳ бўлди. Бундан ташқари, унга яқин бўлган доиралар Путиннинг умрини узайтириш масалаларини фаол равишда кўриб чиқмоқда. Чунки Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигига сентябрь ойида қаришга қарши кураш бўйича барча мавжуд илмий тадқиқотларни зудлик билан тўплаш топширилган. Шунингдек, Россия Илмий жамғармаси томонидан сўнгги беш йил ичида қариш ва умрни узайтириш соҳасидаги тадқиқотларни молиялаштиришга саккиз баравар кўпроқ пул тикилган.

АҚШдан навбатдаги босқин яқин

АҚШнинг Венесуэлага босқини тобора яқинлашмоқда. Трамп кун сайин Мадурони тез орада қулатиш ҳақида сигналларни кўпайтиряпти. Жорий йил сентябрь ойидан бошланган инқироз мана икки ой ўтиб ҳаддан зиёд кескинлашди. Бугунгача АҚШ гиёҳванд моддалар картеллари билан боғлиқ деб гумон қилинган бир нечта Венесуэла кемаларини улар халқаро сувларда бўлишига қарамай даҳшатли тарзда йўқ қилди. Қўшма Штатлар гиёҳванд моддалар савдогарларига қарши курашни эълон қилиб, Венесуэла қирғоқлари яқинига бир гуруҳ кичик ҳарбий кемаларни, Пуэрто-Рикога эса қирувчи самолётларни жойлаштирди. Сентябрь ойи ўрталарида расмий Каракас Венесуэла ҳудудий сувларида “Кариб денгизи суверенитети 200” деб номланган ҳарбий машқлар ўтказди. 7 октябрда эса Трамп Венесуэла билан муносабатларни тартибга солиш уринишларидан воз кечгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, АҚШ можарони авж олдириш учун бир нечта сценарийларни ишлаб чиққан, жумладан, Мадурони ҳокимиятдан мажбуран четлатиш режасини ҳам. 

Хуллас, баҳона накокартелларга қарши курашиш, мақсад эса Мадурони ағдариб, Венесуэлада ўзига бойсунувчи кучларни ҳокимият тепасига олиб келиш экани борган сари ойдинлашмоқда. Стратегик режанинг асосий қисми бўлса, бу нефть ва бошқа табиий бойликларга тўла Венесуэлани сиртдан чангаллаш. Дунёдаги деярли барча автократлар билан яхши чиқишадиган Дональд Трамп улар орасида фақат Мадурони умуман хушламаслиги кўпчиликка аён. У АҚШ Венесуэлага бостириб кириши эҳтимолини ҳозирча рад қилаётган бўлсада, анча олдин Пентагон бу сценарийни кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар кенг тарқалганди. Бироқ Трамп айни пайтда битта нарсага қаттиқ ишонмоқда. Яъни, унга кўра, Николас Мадуро Президент сифатида сўнгги кунларини яшамоқда. У бу гапни 2 ноябрь куни CBS News'га берган интервьюсида яшириб ўтирмади. 

“Мен бунга шубҳа қиламан. Менимча, ундай эмас. Лекин улар бизга жуда ёмон муносабатда бўлишди, нафақат гиёҳванд моддалар билан – улар биз хоҳламаган юз минглаб одамларни мамлакатимизга олиб киришди”, дея таъкидлаган Оқ уй раҳбари. 

Умуман олганда, АҚШ Президенти сўнгги кунларда анча агрессивлашган. У 31 октябрь куни яна ўша CBS News'га АҚШда дунёни 150 марта портлатишга етадиган ядровий қувват борлигини маълум қилди. Трампнинг сўзларига кўра, Россия ва Хитой расмий равишда эълон қилмасдан ядро синовларини ўтказмоқда. У, шунингдек, бундай синовлар Шимолий Корея ва Покистонда ҳам амалга оширилаётганини айтди. Шу боис Трамп АҚШ ядровий синов ўтказмайдиган ягона давлат бўлиб қолишини истамаяпти. Бундан ташқари, АҚШ Президенти бу мавзуда Россия раҳбари Владимир Путин ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан суҳбатлашганини маълум қилди. 

Кремль эса АҚШ ядро синовлари бўйича амалдаги мораторийни бузган тақдирда, Россия муносиб жавоб бериши ҳақида огоҳлантирган. Аммо улар бир вақтнинг ўзида хавфсизлик масалаларида мулоқотга тайёр эканини ҳам билдирган. Чунки АҚШ 1992 йилдан бери тўлиқ ядровий қурол синовларини амалга оширмаган. Вашингтон 1996 йилдаги Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолаган, аммо ратификация қилмаган. Шундан бери АҚШ Невада полигонида фақат субкритик ерости синовларини ўтказиб келмоқда. Қўшма Штатларнинг қиёмат қуролини синовдан ўтказиш амалиётларини бошлаши, иқлимдан тортиб сиёсий масалаларгача занжирли муаммоларни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. 

Ўзи шу шароитда ҳам АҚШ яқинда ўтказилган “Буревестник” синовига жавобан 5 ноябрь куни “Minuteman III” қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказди. Ракета Калифорниядаги Ванденберг ҳарбий базасидан учирилиб, тахминан 6760 километр масофани босиб ўтгани ва Тинч океанидаги Маршалл ороллари таркибига кирувчи Кваджалейнга келиб тушгани айтилди. Пентагон ушбу синовдан кўзланган мақсад қитъалараро баллистик ракета тизимининг ишончлилиги ва жанговар тайёргарлик даражасини текширишдан иборат, дея баёнот берди. Таъкидланишича, бу синов Америка ядровий кучларининг тайёргарлиги ва ишончлилигини яна бир бор тасдиқлаган.

Афғонистондаги зилзила дахшати

Афғонистонда ҳалокатли зилзилалар ўртасидаги вақт оралиғи кескин қисқарди. Ҳафта бошида ярим тунда Самангон ҳудудида салкам 7 баллик ер қимирлаши Ўзбекистонга ҳам яхшигина таъсир қилди. Афғонистонда бунинг оқибатида 7 нафар инсон ҳалок бўлди ва 150 дан ортиқ киши яраланди. Зилзиланинг Ўзбекистон ҳудудида сезилиш кучи Сурхандарё вилоятида 5 балл, Қашқадарё вилоятида 4 балл, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро, Сирдарё вилоятларида 3 балл, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида эса 2-3 балл атрофида бўлди. Ўзи Афғонистонда жорий йил август ойи охиридаги зилзила ва кучли такрорий силкинишлар оқибатида 2 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, бу бутун дунё эътиборини тортганди.

Тоғлар билан ўралган Афғонистон турли табиий офатларга мойил, аммо энг кўп қурбонлар барибир зилзилалар оқибатида бўлади. Ер силкинишларида ҳар йили бу мамлакатда ўртача 560 киши ҳалок бўлади, унинг иқтисодий зарари эса тахминан 80 миллион долларга тенг. Тадқиқотларга кўра, 1990 йилдан буён Афғонистонда магнитудаси 5,0 баллдан юқори бўлган камида 355 та зилзила қайд этилган. Чунки Афғонистон Евроосиё тектоник плитасининг чегарасида жойлашган бўлиб, у Ҳинд плитаси билан туташув зонасини ҳосил қилади. Бу плиталар бир-бирига яқинлашиши ёки ёнма-ён силжиши мумкин. Шунингдек, мамлакат жанубдан Араб плитаси таъсирида бўлиб, бу у жойлашган ҳудудни дунёдаги энг фаол тектоник минтақалардан бирига айлантиради.

1900 йилдан буён Афғонистонда тахминан 100 та “катта зарар келтирган” зилзила қайд этилган. Сўнгги йиллардаги энг ҳалокатли зилзилалардан бири 2022 йилда содир бўлган 6 балли зилзила бўлиб, 1 000 киши ҳалок бўлган. 2023 йилда бир ой ичида бўлиб ўтган бир нечта зилзилада ҳам 1 000 нафар одам ҳалок бўлиб, бутун қишлоқлар вайронага айланган. 2015 йилда содир бўлган 7,5 балли зилзила Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонда жами 399 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Энг катта вайронагарчилик эса 1998 йилда рўй берган: уч ой ичида икки марта зилзила содир бўлиб, биринчи зилзилада 2 300, иккинчисида эса 4 700 киши ҳалок бўлган.

Диктаторларнинг тушлигидаги аскарлар

Диктатурага таърифлар талайгина. Аммо уни бир сўз билан инсон қадри ҳайвончалик бўлмаган тизим деса ҳам бўлаверади. Одам қадри итдан ҳам паст бўлади бундай тузумларда. Боз устига, ит билан боғлиқ диктатуралар ҳам йўқ эмас. Шимолий Корея эса шунчаки замонавий дунёдаги энг даҳшатли тоталитар тизимлардан бири эмас, айнан энг даҳшатидир. У ердаги қонун-қоидалар ҳамда яшаш тартиби ўз ўрнига. Корея яриморолининг юқори қисмидаги инсонлар тақдири уни бошқараётган қаттол диктатор учун сариқ чақалик ҳам аҳамиятга эга эмаслиги ортда қолган бир йил давомида яққол намоён бўлди. Россиянинг Украинага босқинида Москва ихтиёрига ўз халқи ичидан 10 минглаб аскарни топширган Ким бу ишини яна давом эттириши мумкин. 

Разведка маълумотларига таяниб, Жанубий Корея Миллий ахборот агентлиги томонидан берилган хабарга кўра, Пхеньян Москвага 5 минг аскар беришга яқин. Қайд этилишича, мазкур ҳарбийлар партияси босқин ҳаракатлари кетаётган ҳудудда инфратузилмани тиклаш ишларида иштирок этади. Бир қарашда уруш учун эмасдек кўринади. Аммо бугун Россия ва Украина ўртасидаги ҳудудларда узлуксиз тинч шароитда бўлган ҳудудни топиш қийин. Исталган пайтда дронлар ҳужуми содир бўлиши мумкин бўлган ерларда қурилиш ишларига кетадиганлар ҳам хавф остида қолиши табиий. Маълумотларга кўра, Россияга тахминан 5 минг шимолий кореялик муҳандислик қўшинлари аллақачон етказилган. Улар бузилган инфратузилмани тиклаш билан шуғулланиб келмоқда. Навбатдаги 5 минг кишилик аскарлар гуруҳи билан уларнинг умумий сони 10 га етиши кутилмоқда.

Жанубий Корея депутатларига кўра, ҳарбийлар сентябрдан бошлаб босқичма-босқич Россияга жўнатилмоқда. Шунингдек, Сеул Шимолий Корея томонидан яна қўшимча ҳарбийларни тайёрлаш ва танлаш ишлари давом этаётганини қайд қилмоқда. Ҳозирда Россияда 10 минглаб шимолий кореялик ҳарбийлар ва 1000 сапёр жангларда иштирок этаётгани айтилади. Маълумотларга кўра, шу пайтгача КХДР ҳарбийларидан камида 600 нафари Украинадаги урушда ҳалок бўлган. Маълумки, Ким Чен Ин режими уларга бунинг эвазига фақат хотирлаш майдони қуриб берди, холос. Деярли бир йилдан буён Шимолий Корея аскарлари бу босқинда иштирок этиб келмоқда. Уларга 2000 долларгача маош тўлангани, аммо бу пулларнинг катта қисми Пхеньян томонидан доимий тортиб олингани ҳақида ҳам хабарлар чиққанди. Ортда қолган давр мобайнида ҳали бола бўлган шимолий кореялик аскар тасвирларини ҳам кўрдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ Кремль Россия Венесуэла Владимир Путин Дональд Трамп Ким Чен Ин Ироқ Ҳиндистон Шимолий Корея Покистон Украина Си Цзиньпин КХДР зилзила Марказий Осиё Ракета Калифорния Мадуро Евроосиё Сеул Пхеньян Алина Кабаева Minuteman III Диктатура

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг