Мессисиз “Барса” қутурган “Бавария”га қаршилик қила оладими? 

Спорт

image

Бугун, 14 сентябрь куни UEFA чемпионлар лигасининг 2021-2022 йилги мавсуми бошланади. Куннинг энг асосий ўйини сифатида “Барселона” ва “Бавария” учрашувини кўрсатиш мумкин. Ушбу классик қарама-қаршилик сўнгги бор 2020 йил июлда ўтказилган эди. ЕЧЛ чорак финали доирасида кечган ўйинда “Бавария” 8:2 ҳисобида зафар қучган.

“Барселона” ҳужумидаги муаммолар

“Барса” янги мавсумда Лионель Мессисиз ҳаракат қилади. Жамоанинг янги етакчиси бўлиши кутилган Антуан Гризманн ҳам Каталонияни тарк этди ва “Атлетико”га қайтди. 

“Бавария”га қарши ўйинда “Барселона”нинг асосий умиди Мемфис Депайдан. У жорий мавсумда 3 та учрашувда иккита гол урди. Бундан ташқари, Льюк Де Йонг жамоага олиб келинди. Бош мураббий Рональд Куман икки голландиялик футболчи билан ҳужумларни сифатли кўринишга олиб келмоқчи.

Бироқ “Барселона”да ярим ҳимоя ва ҳужум ўртасидаги  боғламлар яхши йўлга қўйилмаган. “Бавария” қийинчиликка дуч келмаслиги мумкин. Чунки, аксарият голли вазиятлар Депайнинг индивидуал маҳорати эвазига ташкил этилмоқда. Уни зарарсизлантириш орқали жамоа ҳужумларини бўғиб қўйиш мумкин.

Жароҳатлар

Сўнгги вақтларда “Барселона” шифохонаси доимий равишда футболчилар билан тўлиб бормоқда. Клуб лазаретидан бир неча ўйинчи жой олган. “Бавария”га қарши баҳс олдидан Мартин Брейтуэйт тиззасидаги жароҳатини янгилаб олди. Данияликнинг тикланиш вақти номаълум, лекин бир нарса аниқки, у операция қилинади. Шунинг учун ҳужумда Де Йонг пайдо бўлди. Қўшимчасига, FIFA кунларида Сержиньо Дест ҳам жароҳат олди, унинг ўрнига катта эҳтимол билан Оскар Мингеса ҳимоянинг ўнг қанотида пайдо бўлади.

Усмон Дембеле ва Серхио Агуэро мавсум бошидан буён бирорта ўйинда майдонга тушмади ва октябрь ойининг ўрталарига қадар сафга қайтмаслиги маълум. Ансу Фати ва Филиппе Коутиньо, умумий гуруҳ машғулотларига қайтди. Бироқ уларнинг майдонга тушишлари сўроқ остида.

“Бавария”га қарши ўйинда Куман схемаси ўзгарадими?

2020-2021 йилги мавсумда Рональд Куман кучли рақиблар билан ўйинларда мунтазам равишда учта марказий ҳимоячидан фойдаланган. Бу билан “Барселона” учун анъанавий 4-3-3 тактикаси йўққа чиқди. Бироқ, мавсум охиридаги омадсизлик ва раҳбариятнинг ҳимоявий ўйин услубидан норозилиги сабабли каталонияликлар 2021-2022 йилги мавсумнинг барча расмий ўйинларини 4-3-3 да ўтказди. Жерар Пике жароҳатдан тузалиб, сафга қайтгани учун, “Барселона” 5-3-2 тактикасини қўллаш эҳтимоли катта. Пикега ҳимоя марказида Рональд Араухо ва Эрик Гарсия ёрдам беради.

Шундан келиб чиқиб, Мюнхен клуби бош мураббийи Юлиан Нагельсманн “Барселона” ҳақида ўз фикрларини айтиб ўтди:

“Агар “Барселона” таркибдаги футболчиларидан келиб чиқиб, 3-5-2 тактикасидан фойдаланганида яхшироқ натижаларга эришган бўларди”.

“Бавария”ни сафар учрашувларида тўхтатиб бўлмаяпти

Мюнхенликлар учун мавсум оғир учрашувлар билан бошланди. Дастлабки турларда клуб асосий рақобатчилар ҳисобланган “Боруссия Дортмунд” (3:1), “Лейпциг” (4:1) каби жамоалар билан баҳс олиб борди ва ғалаба қозонди. 

Ушбу жамоалар “Бавария”га қарши деярли тенг ўйин намойиш этди ва тўпга эгалик қилиш борасида ҳам қолишмади. Бироқ якунда Мюнхеннинг бўронли ҳужумлари олдида ожиз қолди. Табиийки, “Бавария”нинг асосий қуроли бу Роберт Левандовски. Лева клуб ва терма жамоа сафида саккиз учрашув ўтказиб, 11 та гол урди.

“2:8 эффекти”. “Бавария” руҳий устунликка эга

Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида, 2020 йилги Чемпионлар лигаси чорак финалида содир бўлган 2:8 ҳисобидаги ўйин ҳақида кўплаб саволлар берилди. Ўша учрашувга бир йилдан кўпроқ вақт тўлди. Лекин таркибдаги аксарият футболчилар ҳамон ўз жамоаларида тўп сурмоқда. 

Табиийки, “Барселона” ўз маухлислари қаршисида кучли босимга дуч келади. Қўшимчасига, Лео Месси клубни тарк этди. “Бавария”нинг сўнгги ўйинлардаги сермаҳсуллиги ҳам каталонияликлар ҳимоя чизиғи учун муаммо туғдиради, албатта.

Бироқ, немис клуби дарвозабони Мануэль Нойер ушбу фикрларни инкор этди:

“Биз 2:8 ҳисобида мағлуб бўлган жамоага қарши ўнамаймиз, балки янги жамоа рақибимиз бўлади. Месси кетганидан сўнг, бошқа ўйинчилар кўпроқ масъулиятни ўз зиммаларига олади”.

Бугунги ўйинда, Кингсли Коман ва Корентин Толиссо “Бавария”га ёрдам бера олмайди.

Эслатиб ўтамиз, “Барселона” – “Бавария” учрашуви Тошкент вақти билан 23:45 да “Камп Ноу” стадионида бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Барселона ЕЧЛ Бавария Куман Нагельсманн

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг