Меркелнинг китоби сотувга чиқарилганидан кўп ўтмай рекорд ўрнатди
Олам
−
05 Декабрь
4373Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркелнинг “Эркинлик” номли мемуар китоби бир ҳафта ичида 200 мингдан ортиқ нусхада сотилиб, Германияда 2024 йилда чоп этилган китоблар орасида рекорд ўрнатди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, “Эркинлик” жорий йилнинг 26 ноябрь куни сотувга чиқарилган. Биринчи кунларданоқ китоб Германияда, шунингдек, қўшни Швейцария ва Австрияда “истисносиз” барча бестселлерлар рўйхатида етакчилик қилган. Маълумотларга кўра, йил давомида ҳеч бир китоб бундай чаққон сотув стартига эга бўлмаган. Бу муваффақият немислар орасида собиқ канцлернинг ҳануз давом этаётган машҳурлиги билан изоҳланган.
Таҳлилларга кўра, китоб аёлларга қараганда эркаклар томонидан кўпроқ сотиб олинган (жами сотувларнинг 52 фоизи эркакларга, 48 фоизи аёлларга тўғри келади). Ёш гуруҳлари бўйича таҳлил қилинганда, 30 ёшдан 70 ёшгача бўлганлар орасида сотувлар нисбатан тенг тақсимланган. Сотувларнинг энг кам улуши 29 ёшдан кичик ва 70 ёшдан катталар гуруҳида кузатилган – бу гуруҳларнинг ҳар бири жами сотувларнинг 11 фоизини ташкил этади.
Меркелнинг ўзи ҳам китобини реклама қилишда фаол иштирок этмоқда – етакчи жаҳон оммавий ахборот воситаларига интервьюлар бериб, дунёнинг турли давлатларида оммавий тақдимотларда қатнашмоқда. Бундай кенг қамровли эътибор баъзи салбий оқибатларга ҳам олиб келган. Хусусан, Amazon платформаси китобга фикр қолдириш имкониятини вақтинча тўхтатган. Бунга айрим фойдаланувчилар собиқ канцлернинг фаолиятига нисбатан шахсий ғараз сабабли китобга атайин салбий баҳо бераётгани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Маълумот учун, Ангела Меркель 2005 йилдан 2021 йилгача Германия канцлери лавозимига эгалик қилган. У “Эркинлик. Хотиралар 1954–2021” номли мемуар китобида Германия Демократик Республикасидаги ҳаёти ва Германия Федератив Республикасидаги сиёсий фаолияти ҳақида сўзлайди.