Меркель россиялик “пранкер”лар қурбонига айланди
Олам
−
20 Февраль 2023
14419Россиялик "пранкер"лар Владимир Кузнецов ва Алексей Столяров Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркелга пранк уюштирди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” нашри маълум қилди.
Қайд этилишича, бу икки "пранкер" Меркелга Ташқи ишлар вазирлиги номидан қўнғироқ қилган. Суҳбат чоғида улардан бири ўзини Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко деб таништирган.
Бугун, 20 февраль куни Меркелнинг Берлиндаги идораси суҳбат ҳақиқатан ҳам бўлиб ўтганини маълум қилди.
“Мен ўзини собиқ президент Пётр Порошенко деб кўрсатган абонент билан телефон суҳбати бўлиб ўтганини тасдиқлашим мумкин”, дейди Меркелнинг матбуот котиби.
Маълум қилинишича, суҳбатда ўзини Порошенко деб таништирган йигит Меркелга 2014 йилдаги Минск келишуви бўйича савол берган.
Меркель эса муҳокама қилинаётган нарса суҳбатдошлар ўртасида қолиши ва ОАВ эътиборига тушмаслигини исташини билдирган.