“Менга ҳеч нарса керак эмас”. Ташиев онасининг гапини эслади
Олам
−
11 Октябрь 16241 2 дақиқа
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев бойлик орттиришга интилмаслигини ва бунинг ўзи ёки яқинлари билан содир бўлишига йўл қўймаслигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 11 октябрь куни тиббиёт ходимларига автомобилларни топшириш чоғида айтиб ўтди.
“Менга ҳеч нарса керак эмас, бойлик ҳам йўқ. Худо хоҳласа, етарли. Бойлик тўплаш, ақл бовар қилмайдиган даражада бойиб кетиш ниятим йўқ. Бундай бўлмайди. Менга ҳам, яқинларимга ҳам бундай бўлишига йўл қўймайман. Бизда ҳамма нарса бор, Худога шукр, етади”, дейди Ташиев.
У одамларга ёрдам беришга умид қилишини қўшимча қилди.
“Худо хоҳласа, халқ билан баҳам кўрамиз, деган умидимиз бор”, деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Ташиев онасининг сўзларини эслади:
“Ойим ҳам шундай дерди: “Ўғлим, кўп жамғарма, катта бойлик ўзингга тегмасин, ўғлим, одамларга ёрдам бер”.
Бош вазир ўринбосари 1990 йиллардаги даврларни ҳам эслади.
“Ўша пайтларни, 90 йилларни ҳозир билмайсиз. Ўзингиз ҳам кичкина бўлгандирсиз. Ўшанда улар мактабга бора олмасди, уйда пойабзал ҳам, овқат ҳам йўқ эди”, дейди у.
Қамчибек Ташиев Алийма Ташиева номидаги Оналар ва болаларни ҳимоя қилиш маркази ходимларига 30 та хизмат автомашинасини совға қилди.
Тадбирда Ташиев тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ҳақида гапириб, уларнинг меҳнати доимо ҳурмат ва қўллаб-қувватлашга лойиқ эканини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, автомобиллар ҳомийлик эвазига харид қилинган. Марказ ходимлари уларга кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.
Ташиевнинг айтишича, Президент Садир Жапаровнинг фармойишига кўра, тиббиёт ходимларини уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам давлат назоратида. У шифокорлар давлат ипотека компанияси орқали қонуний равишда уй-жой сотиб олиш имкониятига эга эканини эслатди.
Жорий йилнинг 31 август куни Қамчибек Ташиев марказга ташриф буюриб, тиббиёт ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берган ва беморлардан пул ундирмаслик ҳақида қаттиқ огоҳлантирган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Бош вазири ўринбосари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида Жогорку Кенеш (парламент) депутатлигига айрим номзодлар мамлакат раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши ёки дуосини олгани ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берганди.
Live
Барчаси