Мендан кетгунча... Бош прокуратура қуйичирчиқлик фермер иши Олий судда эканини айтмоқда

Жамият

Мақола изидан: Адлия туман ҳокимлигига огоҳнома, вилоят прокуратурасига хат киритган north_east

Мақола изидан: Адлия туман ҳокимлигига огоҳнома, вилоят прокуратурасига хат киритган

Олий суд қарорига “олий беписандлик”. Қуйичирчиқ ҳокимига суднинг “гапи” ўтмайдими? north_east

Олий суд қарорига “олий беписандлик”. Қуйичирчиқ ҳокимига суднинг “гапи” ўтмайдими?

QALAMPIR.UZ’да Қуйи чирчиқлик тадбиркор Акмалхўжа Турсунхоновнинг ери ҳоким томонидан ноқонуний тортиб олингани ҳақида мақола эълон қилинган эди. Танқидий мақолада нафақат фермер ери қайтарилмагани, балки Олий суд қарори ҳам ижрога киритилмаётгани баён этилган. Шикоятчи-фермер суд-ҳуқуқ тизимидаги амалдорлар, бундан ташқари, Ёшлар иттифоқи ҳам юборилган мурожаатларга  беъэтибор муносабатда бўлгани, судма-суд сарсон қилинаётгани ҳақида айтиб ўтган эди.

Масала юзасидан асосий қонун ҳимоячиси саналмиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси масала юзасидан маълумот берди. Унда шундай сўз боради:

“Аниқланишича, Қуйичирчиқ туман ҳокимининг 14.01.2015 йилдаги 2-сонли қарори билан А.Турсунхоновга танлов ғолиби сифатида пахта-ғаллачилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун 143,3 гектар ер майдони ажратилган.

Кейинчалик, Қуйичирчиқ туман ҳокимининг 28.03.2018 йилдаги 488-сонли қарори билан Акмалхўжа Турсунхоновга танлов ғолиби сифатида пахта-ғаллачилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун 264,5 гектар ер майдони ажратилган.

Қуйичирчиқ туман ҳокимлиги ва “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалиги раҳбари Акмалхўжа Турсунхонов ўртасида 21.11.2018 йилда ер ижара шартномаси тузилган. Унга кўра, “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалигига Гулистон Янги ҳаёт массиви, Уччинор маҳалласида жойлашган 388,5 гектар ер майдони 30 йилга ижарага берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.12.2018 йилдаги 974-сонли “Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоят ҳокимининг 03.12.2018 йилдаги 926-сонли қарори ва Қуйичирчиқ туман ҳокимининг 10.12.2018 йилдаги 2245-сонли қарорлари қабул қилинган.

Мазкур қарорлар билан Тошкент вилояти Қўйичирчиқ туманида хорижий инвестициялар иштирокида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Tashkent Cotton Textile cluster” корхонасини ташкил этиш, ушбу жамият таркибига кирадиган агросаноат корхоналарига пахта хомашёси, бошоқли дон ва бошқа маҳсулотларни, шунингдек, чорвачилик ҳамда балиқчилик маҳсулотлари етиштиришни ташкил қилиш учун доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан 35,4 минг гектар суғориладиган ер ва 3,1 минг гектар балиқчилик кўлларини ажратиш белгиланган.

Юқоридаги қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Қуйичирчиқ туман ҳокимининг 12.04.2019 йилдаги 1305-сонли қарори билан “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалигига тегишли бўлган ер майдони туман захирасига олинган. “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалиги раҳбари А.Турсунхонов туман ҳокимининг ушбу қароридан норози бўлиб судга мурожаат қилган. Қуйичирчиқ туман маъмурий судининг 04.06.2019 йилдаги ҳал қилув қарори билан ариза рад этилган.

Мазкур ҳал қилув қарори Тошкент вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 06.08.2019 йилдаги қарори билан ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 08.11.2019 йилдаги қарори билан қуйи инстанция суд қарорлари бекор қилиниб, А.Турсунхоновнинг аризаси қаноатлантирилган.

Олий суд томонидан 18.11.2019 йилда почта алоқаси орқали Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 08.11.2019 йилдаги қарори нусхалари Қуйичирчиқ туман ҳокимлигига, “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалиги ҳамда “Tаshkent Cotton Textile cluster” МЧЖга маълумот учун ҳамда 02.12.2019 йилда маъмурий иш ижро қилиш учун Тошкент вилояти маъмурий судига юборилган.

Ўз навбатида, Қуйичирчиқ туман ҳокими Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 08.11.2019 йилдаги қароридан норози бўлиб, Олий суд Раёсатига назорат тартибида протест келтиришни сўраб Олий суд раиси номига ариза билан мурожаат қилган.

Мазкур мурожаат асосида маъмурий иш ҳозирда Олий судга чақиртирилиб, ўрганилмоқда”, дейилади Бош прокуратура маълумотида. 

Маълумот ўрнида, Олий суд раёсатига назорат тартибида шикоят бериш учун фақатгина Олий суд раиси ва унинг ўринбосарлари, Бош прокурор ва унинг ўринбосарлари ваколатли ҳисобланади. Ушбу қонун нормаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 249-моддаси 2-қисмида ўз аксини топган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Қуйичирчиқ Акмалхўжа Турсунхонов

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг