“Ҳайф ҳаммангизга...” – Кушербоев қуйичирчиқлик фермер иши бўйича муносабат билдирди

Жамият

image

Хабарингиз бор, Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ туманидан бўлган фермер Акмалхўжа Турсунхонов масаласида кўп бора мақолалар эълон қилинди. Қуйичирчиқ туман ҳокими қарори ноқонуний эканини исботлаган ва Олий судда ғалаба қозонган фермерга жиноий иш ҳам очилди

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг энг фаол депутати Расул Кушербоев ўз муносабатини билдирди. 

“Қуйичирчиқ тумани ҳокими маъмурий судга босим ўтказган, Қуйичирчиқ прокурори кўзини юмиб, қулоғини беркитиб олган, туман маъмурий ишлар бўйича судья эса қўрққанидан ёш фермерни "синдириб" унинг ерини олиб қўйилишига сабаб бўлган. Туман депутатлари эса пинагини ҳам бузмай, ҳоким тақдим қилган ҳар қандай қарорга қўл кўтараверган. Ҳайф ҳаммангизга...”, дейди у. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлари ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан сайланган депутат Расул Кушербоев ёш фермерга нисбатан қилинаётган адолатсизликлар ҳақида шундай дейди:  

“Одамларнинг, фермерларнинг тақдири мана шундай шахслар ихтиёрига топшириб қўйилганлиги сабабли бу ҳудудда адолат тикланмаяпти, Олий суд қарори ижро этилмаяпти. 

Республика Фермерлар Кенгаши Қуйичирчиқдаги ёш фермерни ҳимоя қилиб келаётган бўлса, вилоят Фермерлар Кенгаши унга қарши зарбага ўтиб фермерни судга берган. Аниқки, вилоят фермерларининг отаси буюртма бажариб, кимгадир жуда ёқиб қолмоқчи.

Ёш фермер давлат раҳбарининг даъватларидан руҳланиб, кредитга кўплаб техникалар олган, меҳнат жамоасини кўпайтирган, ерга меҳр бериб ишлаган.  Бироқ тумандаги масъуллардан иборат зўравонларнинг ҳаракати сабаб у "синаяпти", кредит қарзлари сабаб ҳаётдан тўймоқда. Унинг ҳаққи ва жавоби виждонсиз Қуйичирчиқ ҳокими, прокурори ва судьяси гарданида”, дейди депутат Кушербоев.

Эслатиб ўтамиз, ёш фермер Акмалхўжа Турсунхоновнинг иши Олий судгача борган ва у ғалаба қилган. Бироқ, туман ҳокимлиги томонидан иқтисодий судга ҳам ариза киритилгани боис, иш энди Иқтисодий ишлар бўйича Қуйичирчиқ туман судида кўриб чиқилмоқда. Айни вақтда иш вақтинча тўхтатилган, чунки туман ҳокимлиги фермерга жиноий иш қўзғатилгани ҳақида Ички ишлар хужжатини олиб келган.      


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев фермер Қуйичирчиқ Акмалхўжа Турсунхонов

Баҳолаганлар

433

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг