Қуйичирчиқда янги ҳангома: ҳаққини талаб қилган фермерга жиноий иш қўзғатилди

Жамият

image

Жорий йил бошида қуйичирчиқлик фермер Акмалхўжа Турсунхоновнинг ери Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ туман ҳокими томонидан ноқонуний тортиб олингани ҳақида мақола эълон қилган эдик. Ушбу иш юзасидан Олий суд ҳам ўз қарорини эълон қилган, бироқ бу қарор ижрога киритилмай келаётгани ҳақида маълум қилган эдик. 

Ушбу фермер юзасидан маъмурий тартибда олиб борилган суд иши Олий судгача етиб боргани етмаганидек, Қуйичирчиқ туман ҳокимлиги иқтисодий судга ердан узоқ муддатли ижара шартномаси бекор қилиш бўйича ҳам даъво киритган. QALAMPIR.UZ мазкур иш бўйича суд мажлисида бевосита қатнашди. 

14 февраль куни ўтказилган суд мажлисида даъвогар томон Қуйичирчиқ туман ҳокимияти қуйидаги асосларни келтирганди:

•    давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган маҳсулот етиштириш ташкил этилган ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланилмаган;
•    контрактация шартларини кейинги 3 йилда бажармаган;
•    2 гектар ер майдонига ўзбошимчалик билан экин эккан в.ҳ.

Суд мажлисида жавобгар томон ушбу асосларни тўлиқлигича рад этди ва асоссиз дея таъкидлади. Фермер ва унинг ҳимоячиси бўлган Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Чорихон Қодиров фермер Акмалхўжа Турсунхоновнинг режа топшириқларни, контрактация шартномаларини тўлиқ бажаргани бўйича тегишли ташкилотлардан ҳужжатлар тақдим этди. 

Ушбу фермер тегишли қонунбузарликлар содир этилгани айтилаётган вақтда туман ҳокими ўринбосари сифатида ишлаган Алишер Деҳқонов судга гувоҳ тариқасида жалб этилди. Собиқ ҳоким ўринбосари бу фермер илғор фермер экани ҳақида кўрсатма берди. 

Судда қатнашаётган Ёшлар иттифоқи вакили Баҳром Жумаев ҳам илғор фермер бўлгани боис ташкилот томонидан хат берилгани ҳақида маълум қилди. Суд муҳокамасида тарафларга қўшимча ҳужжатлар олиб келиниши юкланди ва суд танаффус эълон қилди.   

Суд мажлиси кеча, 20 февраль куни давом этди. Судда ҳокимлик вакили Одил Турғунбоев фермерга жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълумотнома олиб келди. Бу суд мажлисида йиғилганлар, ҳусусан фермернинг ўзини ҳам таажжубга солди. Чунки жиноий иш қўзғатилгани ҳақида олдинги суд мажлисларида гапирилмаган эди. Фермер ҳали бирор марта терговга чақирилмагани ҳақида айтиб ўтди. Ваҳоланки, жиноий иш 13 февраль куни, яъни суд мажлиси бошланганидан бир кун олдин қўзғатилган. 

Фермер ва унинг ҳимоячиси саналмиш Фермерлар кенгаши вакили Чорихон Қодиров ушбу айбловлар тўлиқ туҳмат экани ҳақида шикоят қилишди. 

“Сиз судни нега чалғитяпсиз? Кеча йўқ бўлган ҳужжат бугун пайдо бўлиб қолди. Бу ғирт туҳмат. Ишлаб турган фермерга нега бунақа ўйинлар қиласиз? Ўзингизга бўйсунувчи кадастр ташкилотидан ҳужжат олиб келибсиз”, дейди Чорихон Қодиров.

Бунга жавобан ҳокимлик вакили кадастр уларга бўйсунмаслиги ва жиноий ишни Ички ишлар органи қўзғатгани ҳақида гапирди. 

“Мен ҳамиша ўз ишимни тўла адо этганман. Мен қилган меҳнатларим учун ҳаракат қиляпман. Ҳақиқат учун ҳаракат қиляпман. Агар бу ишда ҳам шунақа ноҳақлик кўрадиган бўлсам, охири нима бўлади, билмадим”, дейди фермер Акмалхўжа Турсунхонов. 

Суд ушбу масалага жиноят ишлари бўйича тегишли суд томонидан баҳо берилгунига қадар суд ишини тўхтатиб қўйишга ажрим чиқарди. 

Эслатиб ўтамиз, Акмалхўжа Турсунхоновнинг 380 гектарлик ери Қуйичирчиқ туман ҳокимлиги томонидан ноқонуний тортиб олинган ва бу бўйича Олий суд қарори ҳам қабул қилинган эди

Ушбу иш доирасида таҳририятимиз томонидан туркум мақолалар эълон қилинган бўлса-да, бирор марта Қуйичирчиқ туман ҳокимлиги томонидан муносабат берилмади. Олий суд қарори ҳам ижрога киритилмади. 

Бу ҳолатлар бўйича Адлия вазирлиги ўзининг расмий муносабатида ҳокимликка огоҳнома киритилгани ҳақида маълум қилган.   

Фермернинг судма-суд сарсонлиги ҳозир ҳам тугагани йўқ. Қонуний ҳаққини талаб қилаётган фермерга жиноий иш очилди. Энг ачинарли томони, фермер билан низолашилгани ортидан 380 гектар ер баҳор келишига қарамай экинсиз ётибди. Бу халқ манфаатига ва давлат бюджетига зарар келтирмай қолмайди.

Қуйичирчиқда шунақа гаплар...
 


Мақола муаллифи

Теглар

фермер Қуйичирчиқ Акмалхўжа Турсунхонов

Баҳолаганлар

283

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made