“Мен қўғирчоқ номзод эмасман”. Отажонов сиёсат учун санъатдан кетганмиди?

Жамият 72091
image

Жаҳонгир Отажонов президентлик сайловларида “қўғирчоқ номзод” бўлмоқчи эмас.  Бу ҳақда собиқ хонанда BBC’нинг ўзбек хизматига берган интервьюсида маълум қилган.

Суҳбатда Жаҳонгир Отажонов ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “Жаҳонгир Отажонов – қўғирчоқ номзод” фаразларига муносабат билдирди.

“Баъзилар изоҳларда “буларнинг ҳаммаси ўйин, бу атайлаб тайёрланган”, деб тилёғламалик қиляпти. Мен ўзим унақа инсон эмасман”, дейди собиқ хонанда.

“Тўғрисини айтсам, санъатдан номақбул иш ҳисоблангани учун кетдим. Яъни, биз барибир мусулмонмиз, мусулмончиликда эса бу ишни қилмаган мақул, деб эшитганман. Шунинг учун кетдим”, дейди у.

Жаҳонгир Отажонов шунингдек, Туркияда тадбиркорлик иши борлиги ва ўша иш билан шуғулланиш учун кетганини таъкидлаган.

“Туркияда тадбиркорлик ишим билан шуғулланаман, дегандим. Лекин, юртимиздаги бизга бўлган шароитни эслаб, бу иш (Туркиядаги тадбиркорлик иши – таҳр.) менга кичкиналик қилади, деб ўйладим”, дейди Жаҳонгир Отажонов.

Бундан ташқари, собиқ хонанда мухолифат бўлиш нияти йўқлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов 2020 йил декабрь ойида санъатдан кетганини эълон қилган эди. Орадан кўп ўтмай у жорий йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган президентлик сайловида номзодини қўймоқчилигини оммага маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик фойдаланувчилар Жаҳонгир Отажоновнинг президентликка номзодини қўйиш тўғрисидаги мурожаатини ҳазилга йўйди ва “пиар” сифатида қабул қилди.

Бунинг ортидан, у Президент бўлиш нияти жиддий эканини таъкидлаб, ўзининг шу мавзудаги иккинчи видеомурожаатини қолдирди. У галдаги мурожаатида давлат раҳбарининг люкс саройларда яшашига қарши эканини айтиб ўтди.

Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаб, унда Президентдан ўзини туман ҳокими қилиб тайинлашни сўради.

Шундан сўнг, янги партия тузмоқчи бўлган Отажонов Адлия вазирлигига ташриф буюрди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 3717
Рейтинг: 3
t
×