Мен АҚШ президенти бўлганимда Исроилга ҳужум қилинмасди – Трамп
Олам
−
11 Октябрь 2023
7815АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп агар у АҚШ маъмурияти раҳбари бўлганида Фаластин-Исроил можаросининг кескинлашуви юз бермаслигини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
"Агар мен президент бўлганимда Исроилга ҳеч қачон ҳужум уюштирилмасди. Бошқа офатлар, жумладан, Украина-Россия можароси, энергия мустақиллигини йўқотиш, Афғонистон, инфляция, чегара муаммоси ва бошқалар содир бўлмасди", деб ёзган Трамп.
Қайд этиш жоизки, Украинада уруш бошланганидан бери Трамп бир неча бор Оқ уйда бўлганида халқаро ҳамжамиятдаги вазиятнинг бу қадар кескинлашувига йўл қўймаслигини такрорлаб келади. Трамп ҳатто қайта сайланса Украинадаги урушни бор йўғи 24 соат ичида тўхтатишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШга борганида CNN телеканалига интервью берган ва унда Дональд Трампни Украинада тинчликка эришиш режасини омма олдида баҳам кўришга чақирганди.
Исроил-Фаластин
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Сўнгги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида 900 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг ярмига яқини аёллар ва болалар. Исроил томонидан қурбон бўлганлар эса минг нафарга етган.
LiveБарчаси