Мелони Трамп билан ишлашга тайёрлигини маълум қилди

Олам

image

Италия Бош вазири Жоржия Мелони АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан ишлашга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

2022 йил октябрь ойидан бери Италиянинг ҳукмрон коалициясини бошқариб келаётган Мелони 4 январь куни кечқурун Мар-а-Лагодаги қароргоҳида олдиндан эълон қилинмаган сафари доирасида Трамп билан учрашди.

"Дональд Трамп билан ажойиб оқшом, уни қабул қилгани учун миннатдорчилик билдираман. Биргаликда ишлашга тайёрмиз", деб ёзди Мелони ижтимоий тармоқда Трамп билан тушган суратини жойлаштирган ҳолда.

Музокаралар тафсилотлари ошкор этилмади, бироқ Италия Бош вазири ўринбосари Маттео Сальвини суҳбат чоғида ўтган ой Эронда ҳибсга олинган италиялик журналист Сесилия Сала тақдири муҳокама қилинганини айтди.

"Жоржия Мелони тинчлик, саноат ва савдо ҳамкорлиги, хавфсизлик ва Сесилия Салани озод қилиш ҳақида суҳбатлашиш учун Доналд Трамп билан учрашди", деб ёзди Сальвини Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

"Бу жуда ҳаяжонли. Мен бу ерда ажойиб аёл, Италия Бош вазири билан биргаман. У ҳақиқатан ҳам Европани бўрон билан олди", деди Трамп Мар-а-Лагода йиғилганларга.

Мелони консерватив қарашларини ҳисобга олган ҳолда Трамп учун потенциал кучли ҳамкор сифатида кўрилади. У, шунингдек, Трампнинг яқин иттифоқчиси бўлган миллиардер Илон Маск билан яқин алоқада.

Трамп ва Мелони биргаликда Жон Истманнинг жиноий тергови ва таъқиби ҳақидаги ҳужжатли фильмни томоша қилди. Истман айланган президентнинг собиқ адвокати бўлиб, у Трампнинг 2020 йилги сайлов натижаларини қонуний йўл билан бекор қилиш ҳаракатларида муҳим роль ўйнаган.

Мелони 5 ноябрдаги сайловлардан буён Флоридага Трампга ташриф буюрган бир қанча хорижий етакчиларнинг охиргиси бўлди. Трамп аллақачон Аргентина Президенти Хавьер Милей, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Канада Бош вазири Жастин Трюдо билан учрашган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Италия Жоржия Мелони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг