Мексикада ғалабани нишонлаш пайтида уч киши ҳалок бўлди (видео)
Sport
−
02 July 6378 2 minutes
2026 йилги Жаҳон чемпионати 1/16 финалида Мексика терма жамоасининг Эквадор устидан қозонган ғалабасини нишонлаш учун Мехико кўчаларига тўпланган бир миллиондан ортиқ мухлисларнинг оммавий тирбандлик ҳосил қилиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Пойтахт соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, қурбонлар 19 ёшли қиз, 48 ёшли аёл ва 44 ёшли эркак бўлиб, уларнинг барчаси бўғилиш оқибатида вафот этган.
Шаҳар расмийларининг билдиришича, энг катта оломон Мехико марказидаги Мустақиллик устуни атрофида тўпланган. Кенг кўламли байрамларга Мексика терма жамоасининг Эквадорни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, 1986 йилдан бери илк бор Жаҳон чемпионати плей-оффида ғалаба қозонгани сабаб бўлган.
Мехико шаҳри мэри Клара Бругада ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, уларга зарур ёрдам кўрсатилишини маълум қилган. Шунингдек, у мухлисларни ғалабаларни нишонлашда масъулиятли бўлишга, атрофдагиларга ғамхўрлик ва ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирган.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, тез тиббий ёрдам ходимлари Пасео-де-ла-Реформа кўчасининг турли нуқталарида ҳушсиз ҳолатда топилган уч кишига биринчи тиббий ёрдам ва юрак-ўпка реанимациясини кўрсатган. Шундан сўнг улар шифохоналарга олиб кетилган, аммо шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, учаласи ҳам вафот этган.
Қайд этилишича, учрашув бошланишидан аввал ҳам шаҳар ҳокимияти Мустақиллик устуни олдида йиғилмасликни, ўйинни бошқа жойларда томоша қилишни сўраган. Чунки ўйин бошланишидан анча олдин шаҳар марказида жуда катта оломон тўпланган бўлган. Шунингдек, кучли тирбандлик натижасида ўнлаб одамлар турли даражада жароҳат олгани хабар қилинмоқда.
Маълумот учун, 20 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Мехико дунёнинг энг зич аҳоли яшайдиган мегаполисларидан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эквадор устидан қозонилган ғалаба Мексика терма жамоасини Жаҳон чемпионатининг 1/8 финалига олиб чиққани ҳақида хабар қилинганди. Эндиликда Мексика Жаҳон чемпионатининг нимчорак финалида Томас Тухель бошчилигидаги Англия терма жамоасига қарши тўқнаш келади.
Live
All