Мексика мундиалининг йўқотилган авлоди
Спорт
−
15 Апрель
5730Жорий йилнинг 3 апрель санасидан Саудия Арабистонида 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги старт олди. Ушбу ёш тоифасидаги Ўзбекистон терма жамоаси илк турда 3 апрель куни Таиланд термасини 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, Жаҳон чемпионатига илк қадамни ташлади. 6 апрель куни иккинчи турда Хитойни 2:1 ҳисобида мағлуб этган ҳолда жорий йил Қатарда бўлиб ўтадиган мундиалга йўлланмани қўлга киритди. 9 апрель куни эса мезбон Саудия Арабистони терма жамоасини йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳда етакчи сифатида кейинги босқичга йўл олди. Чорак финалда эса БАА терма жамоасига тўқнаш келган Ўзбекистон терма жамоаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва ярим финалга чиқди. QALAMPIR.UZ ушбу турнир фонида, мазкур ёш тоифасида мундиалдаги илк иштирок, яъни 2011 йилда Мексика майдонларида бўлиб ўтган мундиалдаги Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари ва натижаларига тўхталиб ўтади.
Жаҳон ареналарига илк қадам
Ўсмирлар ўртасида илк марта мундиалга чиққан Алексей Евстафеев қўл остидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Мексика майдонларидаги Жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар етиб борди.
Дастлаб, ушбу жамоанинг Осиё кубогидаги иштироки ҳақида. 2010 йил U-16 Осиё кубогига Тошкент мезбонлик қилди. Ўзбекистон “А” гуруҳида Иордания, Индонезия ва Тожикистонни ортда қолдириб, гуруҳ етакчиси сифатида кейинги босқичга йўл олди. Йўлланма учун Сурияга қарши майдонга тушган Ўзбекистон 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ярим финалда Австралия худди шу ҳисобда таслим этилди. Финалда эса Шимолий Кореяга 2:0 ҳисобида имконият бой берилди. Аммо 2011 йилда Мексикада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга киритилди. Ушбу ўйинни эронлик ҳакам Алиризо Фағони бошқарганди ва Ўзбекистон терма жамоасининг икки етакчи футболчиси Сардор Раҳмонов ва Аббос Махситалиевни қизил карточка билан жазолаганди. Учрашув якунида эса ўша вақтлар Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари бўлган Мираброр Усмонов ҳакам билан қўл бериб сўрашишдан бош тортганди.
2011 йилги мундиалда “D” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон U-17 терма жамоаси АҚШ, Янги Зеландия ва Чехияни ортда қолдириб, гуруҳ етакчиси сифатида кейинги турга йўл олди. Дастлабки турда икки етакчи футболчи Сардор Раҳмонов ва Аббос Махситалиевсиз ўйнаган Ўзбекистон Янги Зеландияга йирик 4:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Иккинчи турда АҚШ ва учинчи турда Чехия бир хил 2:1 ҳисобида мағлуб этилди. Нимчорак финалда Евстафеев шогирдлари эски таниш ҳисобланган Австралиядан йирик 4:0 ҳисобида устун келди. Ўзбекистон терма жамоаси чорак финалда мусобақа фаворитларидан бири ва якунда финалгача етиб борган Уругвай тўсиғидан ўта олмади ва 2:0 ҳисобида мағлуб бўлди. Аммо мағлубиятга қарамай, Алексей Евстафеев ўз шогирдлари билан Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоалари орасида илк бор мундиалга чиққани ва чорак финалгача етиб боргани билан тарихга кирди. Мексикадаги турнирда иштирок этган футболчилару мураббийларга Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан автомобиль топширилганди.
Мундиалда порлаган иқтидорлар
Жамоа бош мураббийи Алексей Евстафеев қўл остида ушбу Жаҳон чемпионатида дарвозабон Ғанишер Холмуродов, ҳимоячи Жавлон Мирабдуллаев, ярим ҳимоячи Аббосбек Махситалиев, ҳужумчилар Темур Ҳакимов ва Бобур Давлатов каби ёрқин иқтидорлар ўз маҳорати билан мухлислар назарига тушди. Ушбу турнирда Аббосбек Махситалиев ва Темур Ҳакимов 3 тадан гол уришга муваффақ бўлди.
Юқорида санаб ўтилган футболчилар мазкур мундиалдан кейин ўзбек футболининг келажаги, миллий терма жамоани ҳам Жаҳон чемпионатига олиб чиқадиган футболчилар сифатида кўрилганди. Махситалиев ва Ҳакимовга “Монако” ва “Челси” клубларидан таклиф тушгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо айнан Мексикадаги мусобақадан кейин бирор бир футболчи айтарли карьера қила олмади. Баъзилари жароҳат, клубидаги рақобатга дош бера олмай, фаолиятида кескин пасайиш кузатилди. Темур Ҳакимов эса кайф-сафога берилиб, спорт формасини йўқотган деган тахминлар ҳам янграганди. Шунингдек, омма орасида ушбу турнирда иштирок этган бир нечта футболчилар футбол тили билан айтганда “ўқланган”, яъни ёши сунъий кичрайтирилган деган тахминлар юрганди. Балки шу нарса футболчиларнинг юксалишига таъсир қилгандир.
Мексикадаги турнирдан бир неча йил ўтиб, яъни 2013 йилда Туркияда ўтган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 2011 йилги турнирда иштирок этган таркибдан Аббос Махситалиев, Сардор Раҳмонов, Максимилан Фомин каби футболчилар иштирок этиб, гуруҳда учинчи ўринни олган ҳолда кейинги босқичга йўл олди Нимчорак финалда Аҳмаджон Мусаев қўл остидаги қўл остидаги жамоа Грецияни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, чорак финалда Поль Погба етакчилигидаги Францияга йирик 4:0 ҳисобида мағлуб бўлди.
Туркиядаги мусобақадан кейин Аббос Махситалиев фаолияти давомида “Пахтакор”, “Нефтчи”, “Навбаҳор”, “Сурхон”, “Янгиер”, “Истиқлол” клубларида тўп тепди. Айни вақтга келиб, у Сирдарё футбол ассоциациясида фаолият олиб бормоқда.
Темур Ҳакимов эса Мексикадаги турнирдан сўнг бир муддат “Пахтакор”да тўп тепди. Ҳаттоки, ўша вақтларда Германиянинг “Штуттгарт”, Англиянинг “Челси” ва Россиянинг “Зенит”клубларидан таклиф олган. 2013 йилда эса Туркияда бўлиб ўтадиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига кутилмаганда чақирув олмади. Шундан кейин эса футболчи “Андижон” сафида ижара асосида ўйнади. Кейин Самвел Бабаян Ҳакимовни яна “Пахтакор”га қайтарди. “Шерлар” сафида марказий ҳужумчи позициясида ўйнаган Ҳакимов ОКМКга ижарага кетишга тўғри келди. Фаолиятида пасайиш кузатилаётган футболчи “Оқ тепа”, “Динамо”, “Сўғдиёна”, “Обод”, “Нефтчи”, “Қўқон-1912” тўп тепди. Ҳакимовнинг охирги жамоаси Самарқанднинг “Динамо”си бўлди. Охир-оқибат 2023 йилда Мексикадаги турнир қаҳрамонларидан бири Темур Ҳакимов футболчилик фаолиятини якунлади.
2011 йилги мундиалда яна бир порлаб чиққан футболчи ҳимоячи Жавлон Мирабдуллаев. Мирабдуллаев Евстафеевнинг энг ишонган футболчиларидан бири бўлган. У ҳимоя марказида Сардор Раҳмонов билан тандем сифатида ўйин намойиш этган. Турнирдан кейин ҳимоячи “Бунёдкор”, “Андижон”, “Металлург” каби клубларда тўп тепди. Мирабдуллаевнинг охирги клуби Бекободнинг “Металлург” клуби бўлди. 2022 йилда Мирабдуллаев юрагидаги муаммолар сабаб футболчилик фаолиятини якунлашга мажбур бўлди. Темур Ҳакимов жамоадоши Жавлон Мирабдуллаев ҳақида илиқ фикрларни билдириб ўтган.
“Агар Жавлонда юрак билан боғлиқ муаммо бўлмаганида Ўзбекистоннинг энг яхши марказий ҳимоячиларидан бири бўлар эди. У ҳаттоки жаҳон даражасидаги футболчи эди. “Бунёдкор” сафида Осиё Чемпионлар лигаси”да ҳам ўйнади”, дейди Ҳакимов.
Уругвайга қарши ўйинда пенальтини қайтарган дарвозабон Ғанишер Холмуродовни эслайсизми? Ўша вақтлар терма жамоанинг асосий дарвозабони бўлган Холмуродов мураббий Евстафеевнинг ҳақиқий топилмаси ҳисобланарди. Ўзбекистоннинг бир нечта ёш тоифаларида дарвозани қўриқлаган посбон Мексикадаги мусобақадан кейин бир муддат Муборакнинг “Машъал” жамоасида ўйнайди. Кейин 2013 йилда у Косоннинг “Аланга” жамоасига ўтади. Дарвозабон эса бир сабаб билан футболчилик фаолиятини якунлашга мажбур бўлган. Маълумотларга кўра, Холмуродов 2013 йилда мураббий ва клуб раҳбариятига ҳарбий хизматга боришини ва қайтганидан сўнг ўйнаб кета олса фаолиятини давом эттиришини билдирган. Кўриниб турибдики, Ғанишер Холмуродов ҳарбий хизматдан кейин фаолиятини тиклай олмаган ва футбол билан хайрлашган.
Мексикадаги турнирда порлаб чиққан ва ҳозирга қадар ўз спорт формасини сақлаб қола олган ҳамда мазмунли фаолият олиб бораётган футболчилардан бири бу “Пахтакор” етакчиси Сардор Собирхўжаев. Собирхўжаев турнирдан кейин бир муддат “Пахтакор”нинг ёшлар жамоасида сўнг “Бунёдкор” сафида тўп тепди. Собирхўжаев 2013 йилда Туркияда бўлиб ўтган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати учун терма жамоага чақирув олди. Ушбу мундиалда ҳам жамоанинг асосий футболчиларидан бири бўлган Собирхўжаев чемпионатдан кейин “Бунёдкор”нинг ҳам асосий футболчиларидан бирига айланди. 2016 йилда у Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби билан шартнома имзолади. Жиззахдаги ярим мавсумлик фаолиятдан кейин Собирхўжаев Тошкентнинг “Обод” клубига ўтди. “Обод”да бир мавсум тўп тепган футболчи фаолиятини Ғузорнинг “Шўртан” клубида давом эттирди. 2017 йилнинг ёзида у яна “Бунёдкор”га қайтди. Икки йилни “қалдирғочлар” сафида ўтказган Сардор Собирхўжаев 2019 йилнинг январида Тошкентнинг “Пахтакор”ига кўчиб ўтди. Айни вақтга қадар “шерлар” таркибида тўп тепиб келаётган футболчи “Пахтакор”нинг асосий футболчисига айланиб улгурган. Футболчининг нархи “Transfermarkt” порталида 500 минг еврога баҳоланган. Собирхўжаев Мексикадаги турнирдан кейин мазмунли фаолият олиб борган камёб футболчилардан бири бўлди.
2011 йилги U-17 Жаҳон чемпионатининг яна бир иштирокчиси ярим ҳимоячи Муҳсинжон Убайдуллаев. Убайдуллаев Мексикадаги турнирга “Пахтакор” академиясидаги ўйинлари билан бош мураббий Алексей Евстафеев томонидан чақирув олган. Мусобақада у Ўзбекистон терма жамоасининг ишончли футболчиларидан бири бўлган. Мундиалдан кейин у “Пахтакор”нинг асосий жамоасида фаолиятини давом эттиради. “Шерлар” сафида 2-3 йил тўп тепган футболчи 2015 йилда Фарғонанинг “Нефтчи” клубига ўтди. “Нефтчи”даги 3 йиллик фаолиятдан кейин Убайдуллаев 2018 йилда Муборакнинг “Машъал” жамоасига кўчиб ўтди. “Машъал”да бир ой ҳам тўп тепмаган футболчи Навоийнинг “Қизилқум”и билан шартнома имзолади. 4 йил давомида навоийликлар шарафини ҳимоя қилган Убайдуллаев 2022 йилнинг январида Фарғонанинг “Нефтчи”сига қайтди. Айни вақтга келиб у фарғоналикларнинг асосий футболчиларидан бири сифатида фаолиятини давом эттирмоқда. Унинг нархи “Transfermarkt” порталида 200 минг еврога баҳоланган. Дарвоқе, Убайдуллаев ҳам 2013 йилда Туркияда бўлиб ўтган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этган.
Мексикадаги мусобақада порлаб чиққан яна бир ўзбекистонлик ҳимоячи Сардор Раҳмонов турнирдан кейин ҳам нисбатан яхшироқ карьера қила олган футболчилар қаторига киради. Мундиалдан кейин у Муборакнинг “Машъал” клубида фаолиятини давом эттирди. Сўнг у 2013 йилда Тошкентнинг “Локомотив”ига бориб қўшилди. Роппа-роса бир йил “темирйўлчилар” сафида тўп тепган Раҳмонов 2014 йилнинг февралида Фарғонанинг “Нефтчи” клубига кўчиб ўтди. 2 йилни “Нефтчи”да ўтказган Раҳмонов 2016 йилда “Бухоро” билан шартнома имзолайди. 2017 йилда у яна “Машъал”га қайтади ва 2019 йилда Олмалиқнинг ОКМК клубига кўчиб ўтади. Айни вақтга келиб, Сардор Раҳмонов ўзбек футболи афсонаси Миржалол Қосимов қўл остидаги ОКМКнинг асосий ҳимоячиларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, Раҳмонов ҳам 2013 йилда Туркияда бўлиб ўтган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этган.
Ўзбекистон ҳар бир соҳада бўлгани каби футболда ҳам иқтидорлар мамлакати ҳисобланади. Аммо ўша иқтидорларни сақлаб қолиш, фаолиятини мазмунли давом эттириши аввало, футболчининг ҳаракати ва мураббийларнинг эътиборига боғлиқ бўлади.
LiveБарчаси