Финал ўз номи билан финал, олдимизда масъулиятли вазифа турибди – Исмоилов
Спорт
−
19 Апрель
6504Ўзбекистон U-17 терма жамоаси мураббийи Ислом Исмоилов Осиё кубоги финали доирасида Саудия Арабистони терма жамоасига қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.
“Финалда ўйнаш ажойиб, жамоамиз билан бу учун узоқ меҳнат қилдик. Саудия Арабистони кучли терма жамоалардан бири. Уларга қарши кўп марта ўйин ўтказдик. Лекин финал ўз номи билан финал, олдимизда масъулиятли вазифа турибди. Ҳар икки жамоа ҳам ғолибликни қўлга киритишни мақсад қилади. Асосий мақсадимиз эртанги ўйинда ғалаба қозониб, халқимизни хурсанд қилиш”, дейди Исмоилов.
Шунингдек, мураббий финалга тайёргарлик ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Ҳар бир учрашувга алоҳида тайёргарлик кўрганмиз. Турнирда осон ўйиннинг ўзи йўқ. Финал ҳам қийин ўтади, сабаби руҳият биринчи ўринга чиқади. Биз футболчиларни ҳар томонлама ўйинга идеал ҳолатда тайёрлаш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиляпмиз. Барча футболчиларимиз учрашувга тайёр ҳолатда, бахтимизга ҳеч бир ўйинчимиз жароҳат олмади. Умид қиламизки, эртага жамоамиз энг яхши ўйинларидан бирини кўрсатиб, ғалаба қозонади”, дейди мураббий.
Ислом Исмоилов футболчиларнинг руҳиятига ҳам алоҳида тўхталди.
“Биз рақибларимизни ҳурмат қиламиз, лекин ҳеч бир жамоадан қўрқмаймиз. Ўз услубимизга эгамиз, ишонч билан, чиройли футбол билан ғалаба қозонмоқчимиз. Буни футболчиларга ҳам таъкидлаб келмоқдамиз. КХДРга қарши баҳсга ҳам руҳий жиҳатдан кўпроқ эътибор қаратдик. Бу ёшдаги футболчиларда руҳият ўзгарувчан бўлади. Футболда бир ҳолат иккинчи бор такрорланмайди. Биз ўтган ўйиндаги натижани унутиб, энг асосий учрашувда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз” дейди Исмоилов.
Маълумот ўрнида, эртага, 20 апрель куни 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида Ўзбекистон терма жамоаси мусобақа мезбонлари Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан 20:00 да старт олади.
LiveБарчаси