Мексика элчихонасига бостириб кирилиши ортидан Эквадор билан дипломатик алоқаларини узди
Олам
−
06 Апрель
4933Мексика Президенти Андрес Мануэль Лопез Обрадор Эквадор хавфсизлик кучлари пойтахт Китодаги Мексика элчихонасига бостириб кириши ортидан Эквадор билан дипломатик алоқаларни тўхтатганини эълон қилди. Бу ҳақда у Х ижтимоий тармоғидади саҳифасида ёзди.
“Бу халқаро ҳуқуқ ва суверенитетни қўпол равишда бузишдир, шунинг учун мен канцлеримизга Мексика ва Эквадор ҳукуматлари ўртасидаги дипломатик муносабатлар тўхтатилганини эълон қилишни топширдим”, дейилади Президент баёнотида.
Ўз навбатида, Мексика Ташқи ишлар вазирлиги элчихонага бостириб кириш чоғида бир неча мексикалик дипломат жароҳатлангани ҳақида хабар берди.
"Эквадордаги мексикалик дипломатик ходимлар зудлик билан бу мамлакатни тарк этади", дейилади вазирлик хабарида.
Мексика Ташқи ишлар вазири Алисия Барсена Эквадорни халқаро ҳуқуқни бузганликда айблаш мақсадида Халқаро судга мурожаат қилишини айтди.
“Associated Press” нашрининг хабар беришича, кеча, 5 апрель куни Эквадор полицияси ҳарбийлар кўмагида Мексика дипломатик миссияси биносига бостириб кирган. Операциядан мақсад Эквадор собиқ вице-президенти Хорхе Гласни қўлга олиш эди. У маҳаллий суд томонидан коррупция жиноятларида айбдор деб топилган. 2023 йил декабрь ойида Глас Мексиканинг Китодаги элчихонасидан паноҳ топди ва кейин Мексика расмийларидан сиёсий бошпана сўради. 5 апрель куни Мексика унга шундай бошпана беришга қарор қилди.
Эквадор Ташқи ишлар вазирлиги Мексика расмийларининг бу қарорини ноқонуний деб атади ва Гласни зудлик билан экстрадиция қилишни талаб қилди.
Ўз навбатида, Эквадор Президенти Даниэль Нобоа Мексика элчихонасидаги маҳаллий хавфсизлик кучларининг ҳаракатлари жиноятчиларга нисбатан “миллий суверенитетни ҳимоя қилиш”га қаратилганини айтди.
Маълумот учун, Хорхе Глас 2013 йилда Эквадор вице-президенти лавозимида иш бошлаган. 2017 йил декабрида у коррупцияда айбланиб, олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Тергов маълумотларига кўра, у Бразилиянинг Odebrecht қурилиш компаниясидан ҳукумат шартномаларини унга ўтказгани учун 13,5 миллион доллар олган. 2018 йилнинг январида Глас расман ўз лавозимидан четлатилди.
2020 йилда собиқ вице-президент яна бир коррупция иши бўйича саккиз йилга қамалган. У 2022 йилнинг кузида озодликка чиқади. 2024 йилнинг январида Эквадор суди Гласни янги иш юзасидан сиртдан ҳибсга олишга қарор қилди.