Медведев Ғарб давлатлари раҳбарларини Москвадаги терактга шерикликда айблади
Олам
−
08 Апрель
6690Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия раҳбарларини 100 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл”да содир этилган терактнинг ортида турганларнинг шерики эканини айтди. Бу ҳақда у Х’даги саҳифасида ёзди.
“Ҳурматли АҚШ ва Европа давлатлари раҳбарлари! Киевда ваъда қилинган миллион рубль ҳақида гапирган ва у ерга бориш учун Россия-Украина чегарасидан ўтишлари керак бўлган террорчиларнинг баёнотлари сизга етарли эмасми? Демак, терактга ИШИД буюртма берган, тўғрими?”, деб ёзган у.
Медведевнинг айтишича, Москва вилоятидаги терактнинг ҳақиқий мижозлари "украин бандерачилари"дир.
“Ушбу қотилликнинг шериклари сизлар, Байден, Макрон, Сунак, Шольц ва бошқа ёрдамчилар”, дея хулоса қилди Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.
Маълумот учун, “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт 22 март куни содир бўлган. Қуролланган одамлар бинога бостириб кириб, ташриф буюрувчиларга қарата ўт очган, сўнг бинога ўт қўйиб, қочиб кетган. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 145 киши ҳалок бўлган, улардан олти нафари болалар. 550 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Тергов доирасида ўндан ортиқ гумондор қўлга олинди, жумладан, ҳуқуқ-тартибот органлари тўғридан-тўғри айбдор деб ҳисоблаган тўрт киши: Тожикистон фуқаролари Файзов, Мирзоев, Рачабализода ва Шамсидин Фаридунийни ҳибсга олди.
Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ теракт уюштиришда айбланаётганлар ўзларининг координатори Сайфулло исмли шахс эканини айтганди.
Мадина Отабоева
LiveБарчаси