Меҳнат мигрантлари солиқ тўлашга мажбур этилмайди! – Эркин Муҳитдинов

Жамият 1786
image

Аввалроқ, Ўзбекистон Президентининг қарорига мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлар ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилиши ҳақида хабар берган эдик.

Шундан сўнг, бу хабар нотўғри талқин қилинганлиги сабабли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг муҳокамасига сабаб бўлди.

Ушбу хабарларга Меҳнат вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов ҳам ўз муносабатини билдирди. 

“Ижтимоий тармоқларда бир хабар кенг тарқалди. Гўёки кейинги йил биринчи январдан хорижда ишлаётган ватандошларимиз солиқ тўлашга мажбур бўлади. Мен расман, Меҳнат вазирлигининг миграция тизимига жавобгар шахс сифатида айтмоқчиманки, бу нарса нотўғри! Хорижда ишлаётган фуқароларимиз ҳеч қандай солиқ тўлашга мажбур бўлмайди. 

Хорижда ишлаб юрган фуқароларимиз пенсияга чиқишлари ва пенсия олишлари учун минимал тўлов тўлашади. Яъни, бир йилга 111 200 сўм ихтиёрий тўловни амалга оширишади. Ваҳоланки, Ўзбекистондаги энг минимал пенсия 513 000 сўмни ташкил қилади. Йилига 111 000 сўм тўлаб, ойига 513 000 пенсия олиш ҳуқуқи берилмоқда”, деди Меҳнат вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Давлат солиқ қўмитаси мигрантлар учун солиқ жорий қилинганини инкор қилган эди.

Шундан сўнг, “Саховат” жамғармаси раиси мигрантлар учун солиқ жорий қилингани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 3
t
×