Энди чет элда ишлаётганлар пенсия олмоқчи бўлса, солиқ тўлайди
Жамият
−
07 Ноябрь 2020
477472021 йилнинг 1 январидан бошлаб меҳнат мигрантлари ўз-ўзини банд қилган фуқаролар сифатида рўйхатга олинади ва белгиланган тартибда солиқ тўлайди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 14 сентябрь куни имзоланган “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
“2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган ҳолда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш – ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларига тенглаштирилади ҳамда ушбу шахсларга ўзини ўзи банд қилганлари учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади”, дейилган президент қарорида.
Келаси йил 1 январдан бошлаб бўлажак мигрантларнинг оила аъзолари кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олиниб, хорижга чиқиб кетиши учун микроқарзлар берилиши кутилмоқда. Бундан ташқари йўл пули ва дастлабки харажатларни қоплаш учун бериладиган микроқарзлар 10 млн сўмгача бир йил муддатга паст фоиз ставкасида (14-21 фоиз) берилади.
Шунингдек, қарорда кўрсатилишича, чет давлатларда мураккаб молиявий аҳволга тушган 10 мингга яқин фуқароларга 446 минг сўмдан (40 доллар) бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Ушбу мақсадларга 4,1 млрд сўм маблағ ажратилган. Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни бандлиги таъминланади, касбий малакаси оширилади ва тадбиркорлик ташаббуслари рағбатлантирилади.
Динара Юсупова
LiveБарчаси