ДСҚ мигрантлар учун солиқ жорий қилинганини инкор қилди
Жамият
−
09 Ноябрь 2020
3541Аввалроқ, Ўзбекистон Президентининг қарорига мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлар ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилиши ҳақида хабар берган эдик.
Аммо ижтимоий тармоқларда бу қарор билан меҳнат муҳожирлари учун солиқ жорий этилгани ҳақида хабарлар тарқалиши билан бу мунозараларга сабаб бўлди.
Давлат солиқ қўмитаси мазкур қарор атрофидаги баҳсларга муносабат билдирди ва қарор мажбурият эмас, имконият эканини урғулади.
Қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин, бу 2020 йил учун энг камида БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланган, бу ҳозирги вақтда 111 500 сўмни ташкил этади.
“Шу билан бирга, агар чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, унда Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлашнинг ҳожати йўқ.
Ушбу чора меҳнат муҳожирларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, келажакда уларни моддий ҳимоя қилиш кафолати бўлиб хизмат қилади”, дейилади қўмита хабарида.