МДҲ ёшлари ичида рус тили тарғиб қилинади
Олам
−
14 Октябрь 2023
6190МДҲ давлатлари ёшларни рус тилини ўрганиш ва ундан кенг фойдаланишга тарғиб қилади. Бу ҳақда Ҳамдўстлик Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши якунлари бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда сўз борган.
“Ёшларнинг рус тилини ўрганиш ва ундан фойдаланишга бўлган интилишини рағбатлантириш, уни ўрганишга бўлган эҳтиёжни қондириш учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилади”, дейилади ҳужжатда.
Маълум бўлишича, ушбу тарғибот рус тилини ўқитиш сифатини яхшилаш, шу жумладан, халқаро таълим лойиҳаларини йўлга қўйиш, рус тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш, шунингдек, тегишли танловларни ўтказиш орқали қўллаб-қувватланади.
Ҳужжатда қайд этилганидек, МДҲ аъзолари рус тилининг иқтисодий, маданий-гуманитар ва илмий соҳаларда қўлланилишини кенгайтириш тарафдори бўлиб, Ҳамдўстлик мамлакатлари кенг аҳолиси орасида унинг жозибадорлигини ошириш ва оммалаштириш учун биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари саммитида рус тили Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида миллатлараро тил сифатида тан олинди.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мазкур саммитга келар экан, Россиянинг мақсадларидан бири айнан мана шу эканини яширмаган. У 12 октябрь куни, ҳали саммит бошланмасиданоқ МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида рус тилининг мақомини оширишни муҳокама қилган эди.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 14 октябрь куни Остонада бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги шафелигида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш бўйича халқаро ташкилот тузишни таклиф қилганди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида айтиб ўтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь